Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

СамДАҚИ талабаларининг лойиҳалари ва магистрлик диссертациялари халқаро фестивалда эътироф этилди

Жорий йилнинг 14-17 ноябрь кунлари Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида Евросиё мамлакатлари архитектура-қурилиш ва дизайнерлик муассасаларининг IХ халқаро фестивали бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазирлиги ва Қозоғистон архитектура-қурилиш бош академияси ҳамкорлигида ўтказилган мазкур анжуманда Россия, Грузия, Молдова, Венгрия, Болгария, Туркия, Босния ва Герсеговина, Литва, Италия, Хитой давлатлари архитектура-қурилиш ва дизайнерлик мактабларининг профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлари иштирок этиб, ўзаро тажриба алмашди.

Фестиваль доирасида Тошкентда энг яхши битирув ишларининг халқаро кўрик-танлови ўтказилди. Танлов иштирок этган битирувчиларнинг ўз фикрини тўғридан-тўғри ифода этиш, иқтидорини намойиш қилиш ва келгусидаги касбий фаолиятига киришиши учун имконият яратди.

Халқаро танловда Европа ва Осиё мамлакатларининг 56 та олий таълим муассасаларининг 383 нафар талабалари томонидан тайёрланган битирув малакавий ишлари намойиш этилди.

Тадбир давомида талабаларнинг энг яхши лойиҳалари ва магистрлик диссертациялари баҳоланди. Унда Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти талабалари A.Долгополова, Б.Холмуродов, М.Aҳмедова, М.Раҳматова, Й.Шарипова, Ф.Музроповалар II ва III даражали дипломларни қўлга киритди.

Шунингдек, фестивалда СамДAҚИ билан Қозоғистон бош архитектура ва қурилиш академияси, Новосибирск давлат архитектура ва қурилиш университети, Қирғизистон давлат қурилиш, транспорт ва архитектура университети, Волгоград давлат техника университети, Озарбайжон архитектура-қурилиш университети, Бишкек шаҳридаги халқаро инновация технологиялари университети ўртасида ҳамкорлик шартномалари ва меморандумлар имзоланди.

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ахборот хизмати.