Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сайёр қабулдан сўнг масала жойида ўрганилди, ҳал этилди

Иштихон тумани ҳокими Ш.Негматов Кўктепа маҳалласида сайёр қабул ўтказди. Қабулда туман ҳокимига 19 нафар фуқаро комунал соҳа, йўл таъмирланиши, соғликни сақлаш ва бошқа масалаларда мурожаат қилди. Муаммоларнинг аксарияти жойида ҳал этилди.

– Олти нафар фарзанднинг онасиман, – деди Тароқли қишлоғида яшовчи Барчиной Бозорова. – Турмуш ўртоғим ҳам, мен ҳам ҳеч жойда ишламаймиз. Чунки иш ўрни йўқ. Фарзандларимиз ўрта мактабни битиряпти. Уларнинг ўқимишли, ҳаётда ўз ўрнини топиши учун шароит яратиб беришимиз керак. Шунинг учун тикувчилик фаолиятини  йўлга қўймоқчимиз, шунга кўмак берсангиз.

Таклиф, фуқаронинг соғлом фикри туман ҳокимига маъқул тушди. Мурожаатни жойида ўрганиш мақсадида Тароқли қишлоғига борди. Б.Бозорованинг режалари билан танишди. Зарур шароитлар яратиб берилиши юзасидан мутасаддиларга топшириқ берди. Ер майдони кенгайтирилиб, имтиёзли кредит ажратиладиган бўлди.

- Ҳоким иштиёқимиз, ҳаракатимизни тўғри баҳолади, - дейди Б.Бозорова. - Фаолиятимизни йўлга қўйиб олсак, яна ўн нафар ҳамқишлоғимизни иш билан таъминлаймиз.

Отабек ШАРАФОВ.