Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Хизмат вазифасини ўтаётган шифокорга яна тажовуз қилинди

29 сентябрь куни эрталаб соат 06:40 атрофида Самарқанд шаҳар тез тиббий ёрдам бўлими ходими - 53 ёшли Нариман Мамутов чақириққа келган вақтда маст ҳолатда бўлган нотаниш киши томонидан калтакланди.

– Тонгга қадар 15 га яқин чақириққа чиқдим. Эрталаб, навбатчилигим тугашига ярим соат қолганида сўнгги чақириққа юборишди. Манзилга етиб бориб беморга ёрдам кўрсатдик. Тез тиббий ёрдам машинасида, катта йўлдан кетаётганимизда бемор ўзидан ўзи менга ташланиб, икки-уч маротаба бошимга урди, қўлимни тишлаб тортди, - дейди, шифокор Нариман Мамутов.

Тез ёрдам машинасида бўлган беморнинг бундай ҳаракатидан ҳайдовчи ва  ёрдамчи ҳамшира ҳам қўрқиб қолган. Тажовузкорнинг иккинчи бор шифокорга ташланиши чоғида беморнинг шериги уни ушлаб қолиб, шифокор Нариман Мамутовни аранг қутқариб қолган.

– Бизни ҳеч қандай сабабсиз урган фуқаролар жазосини олишини истайман. Шифокорларни ҳақоратлаб, уларга қўл кўтараётган одамларга жиддий чора кўрилмаётганлиги учун ҳам бундай ҳолатлар тез-тез содир бўляпти. Ахир биз инсонларнинг саломатлиги учун хизмат қиламиз-ку?! Шифокорларнинг ҳуқуқини ҳимоя қиладиган қонун жорий этилиши лозим, -дейди жабрланувчи шифокор.

Дарҳақиқат, машаққат билан инсонларга кўмак бериш касбини танлаган шифокорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун алоҳида ҳужжат қабул қилиш вақти келганга ўхшайди. Елкасига улкан масъулиятни олиб, инсон саломатлиги йўлида туну-кун хизмат қилаётган ушбу касб эгаларига нисбатан бугунги кунда бўлаётган муносабатни ўзгартиришимиз зарур.