Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Шоҳидларнинг манқуртга айлантириш санъати вилоят фаоллари муҳокамасига қўйилди

Вилоят ҳокимлигида аҳоли, айниқса, ёшларни миссионерлик ва прозелитизм таъсиридан ҳимоялаш масаласига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Вилоят кенгаши депутатлари, прокуратура, давлат хавфсизлик хизмати, ички ишлар идоралари мутасаддилари, «Нуроний» жамғармаси, «Маҳалла» жамоат фонди, ноисломий диний ташкилотлар раҳбарлари, ёшлар иттифоқи фаоллари иштирок этган йиғилишни вилоят ҳокими Э.Турдимов олиб борди.

- Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бугун мамлакатимизда диний бағрикенглик тамойили асосида барча дин вакиллари учун тенг имкониятлар яратилиб берилган, - деди ҳоким. – Бу имкониятларни суиистеъмол қилаётган айрим гуруҳлар “миссионер”га айланиб, юртдошларимизни ҳам ўзлари томон чорламоқда. “Иегова шоҳидлари” ташкилоти ғоялари билан йўғрилган китоблар асосида йиғилишлар ўтказиб, миллатимиз бирдамлигига раҳна солишга интилмоқда. Иегова шоҳидларининг очиқдан-очиқ таъқиблари, хатти-ҳаракатларидан норози бўлаётган юртдошларимиз сони кескин ошмоқда. Маҳалла оқсоқолларида бундай оқимларга қарши туриш малакаси топиладими? Шундай вазиятда бу каби мурожаатларга нима деб жавоб беришни билишадими? Депутатлар, сиёсий партиялар вакилларида ҳафсала ва жасорат намоён бўладими?

Вилоят бош имом-хатиби З.Эшонқулов, Самарқанд шаҳридаги Авлиё Георгий ибодатхонаси клириги А.Пономарёв, «Иегова шоҳидлари»дан озор чеккан фуқаро М.Каримов глобаллашув замонида бошқа динни тарғиб қилиш, самовий динларнинг барчасига зид бўлган ғояларни ёйиш, инсон қалби ва онгини забт этишга, ўз динидан воз кечишга қаратилаётган миссионерлик ҳаракати хавфи ўз долзарблигини йўқотмаганини таъкидлашди.

- Бир қарашда, ушбу мавзу бўйича кўп гапирганмиз, йиғилиш ва тадбирлар ўтказиб, мақола ва рисолалар чоп этиб, улар ҳаётидан олинган фильмлар яратган ҳолда юртдошларимизни миссионерликнинг аянчли оқибатларидан хабардор қилиб қўйгандекмиз, - деди З.Эшонқулов. – Аммо эътиборсизлигимиз туфайли ўнлаб имконияти чекланган (кар ва соқов) юртдошларимиз «Иегова шоҳидлари»га қўшилиб кетишган. Чунки биз уларни масжидга киргизмаганмиз, муқаддас Ислом динимизда ўз эътиқодидан воз кечишлик муртадлик, кечирилмас гуноҳ эканлигини тушунтира олмаганмиз.

Вилоят раҳбари ғоявий-мафкуравий таҳдид сифатида давом этаётган миссионерлик фаолиятини ўз ўрнида англаш, улардан доимо огоҳ бўлиш, мазкур ҳаракатларни ўз вақтида бартараф этиш бўйича тегишли ташкилотлар зиммасига вазифалар юклади.

Иштирокчилар ҳукмига «Иегова шоҳидлари: Манқуртга айлантириш санъати» номли видеофильм намойиш этилди.

Йиғилиш якунида мутасаддилар Президентимизнинг «Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш, масжидларда жамоат тартибини сақлаш, Мурувват, Саховат ва меҳрибонлик уйларида хайрия тадбирларини уюштириш масалаларида ҳам ўзаро келишиб олдилар.

Абдуғофур Шерхолов.