Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

«Сувни асранг!» акциясида фаол иштирок этинг!

Ҳурматли самарқандликлар!

Эртага - 20 июль куни Самарқанд вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси, вилоят "Сувоқова" давлат унитар корхонаси ҳамда ёшлар иттифоқи вилоят бўлими билан ҳамкорликда “Сувни асранг!” шиори остида акция ўтказади!

"Сувоқова" давлат унитар корхонаси ходимлари ва ёшлар иттифоқининг кўнгилли ёшлари кун бўйи Самарқанд шаҳридаги хонадонларга кириб, аҳолининг сув истеъмол қилиш маданияти, фойдаланиш ва тежаш ҳолати ҳамда ичимлик суви билан боғлиқ муаммоларни ўрганадилар.

Ичимлик сувининг ҳар томчисини асраб, бекорга оқиб ётган сув жўмракларини беркитайлик, энг чекка хонадонлар, кўп қаватли уйларнинг юқори қаватларида яшаётган ҳамшаҳарларимизга сув етиб бориши учун ҳаракат қилайлик.

Маълумотларга қараганда, бир дақиқа очиқ қолган сув жўмрагидан 5 литрдан ортиқ сув тушар экан. Ўн дақиқа очиқ қолса, 50 литр, бир соат очиқ қолган жўмракдан 300 литр сув оқиб, исроф бўлади. Энди буни ўн соатга, бир суткага кўпайтиринг… Бунинг ҳисобини ким беради?

Унутманг, Сиз ичимлик суви билан томорқа суғораётган, кўча ва ҳовлиларингизга сув сепиб, салқинлатаётган, машинангизни юваётган пайтингизда ер юзида миллионлаб инсонлар бир ҳовуч сувга зор бўлиб юрибдилар, сувсизликдан ҳалок бўлмоқда.

Азиз, ҳамшаҳарлар, “Сувни асранг!” акциясида фаол иштирок этинг ва бир томчи бўлса ҳам ичимлик сувини асрашга ўз ҳиссангизни қўшинг!

Сув ─ бу ҳаёт! Сувни асраб, ҳаётимизни асраймиз!