Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Таълим соҳасида «юқори материя»га қачон эришамиз?

Халқаро пресс-клубнинг олий таълим муаммоларига бағишланган сайёр сессиялари айнан ҳудудларда ташкил этилганлиги билан жуда катта аҳамиятга эга бўлди, деб ўйлайман. Чунки, халқимиз айтганидай, кўпдан кўп фикр чиқади-да.

Ҳеч бир замонда янгилик осонликча қабул қилинмаган. Чунки у стереотипни синдиради, бир хилда давом этиб келаётган ҳаёт тарзини ўзгартиради. Баъзан бир амаллаб, «сен менга тегма, мен сенга тегмайман» қабилида яшаб келаётган кимсаларнинг тинчини бузади. Унга бўладиган қаршиликларнинг бир сабаби шу. Бу гапни кўпчилик олий ўқув юртлари ҳаётида ҳам кўриш мумкин. Халқаро пресс-клуб ўтказган бу галги тадбирлар  ана шу яроқсиз амалиётларни рўй-рост очиб ташлашга, олий таълим тизимини тубдан янгилашнинг йўл харитасини яратиб беришга хизмат қилди.

Мана қаранг, энди соҳадаги мавжуд муаммолар очиқ таҳлил қилинаяпти ва бу жараёнда майда муаммоларнинг катта сабаблари, ёки аксинча, катта муаммоларнинг майда сабаблари аниқ бўлиб қолаяпти. Ана шу муаммолар муҳокамасининг ўзиёқ олий таълимдаги глобал ислоҳотларнинг йўл харитасини тузиб олишда энг ишончли йўл бўла олмайдими? Фалон мамлакатда ундай экан, пистон мамлакатда бундай экан, биз ҳам улардан андоза олишимиз, биз ҳам ундай қилишимиз, бундай қилишимиз керак, деб ўтиргандан кўра реал ҳаётдан, вазиятдан, имкониятдан келиб чиқиб, иш кўравериш мантиқли бўлмайдими? Албатта бўлади!

Олий таълим муаммоларини ҳал этиш борасидаги илғор ғоялар умумлаштирилаётганлигининг ўзи жуда катта гап. Ана энди инқилобий ислоҳотларни амалга ошириш анча осонлашади. Таълим муассасаларига бериладиган мустақиллик ёки эркинлигу унинг раҳбари ваколати ва мақоми ҳам, ўқув жараёнини замон талаблари даражасига кўтаришу юқори даражадаги рақобатбардошлик ҳам, маънавий-маърифий соҳадаги ишларни реал асосга қўйишу моддий-техник таъминот ҳам, бу мураккаб ислоҳотлар жараёнида профессор-ўқитувчиларнинг иштирокию маъмурий-буйруқбозлик келтираётган зарардан қутулиш чоралари ҳам унинг йўл харитасида акс этади.

Бир нарсага ич-ичимдан қувондим. Баъзан юқоридан беписандлик ва менсимаслик билан қаралиб келинаётган ҳудудий зиёлиларда ҳам қанчалик донишмандлик, олий таълимни яхшилаш учун ниҳоятда зарур бўлган фидойилик ва жонкуярлик яшириниб ётганини ҳис қилдим. Ахир улар бевосита халқнинг орасида, таълим-тарбиянинг ичида-да! Уларни кўриб ва эшитиб, муҳтарам Президентимизнинг айрим маъмурий-буйруқбоз раҳбарларга қарата «халқ орасига боринглар, оёқларинг ердан узилмасин», деганларида нақадар ҳикмат борлигига амин бўлдим.

Қаранг, зиёлиларимизда қанча теран фикрлар тўпланиб қолган экан! Уларни эшитиш керак! Балки ҳамма фикрлар ҳам манзилга тез элтмас. Аммо, ҳеч бўлмаганда, биргина ижобий фикрнинг борлиги ҳам ёқимли ҳодисадир. Масалан, Термиз давлат университети ректори Абдуқодир Тошқулов таълим-тарбия жараёнига диний-маърифий таълимотни олиб кириш керак, деган фикрни айтди. Гарчи, ижтимоий тармоқларда фикрга баъзи расмийлар томонидан эътирозлар билдирган бўлса-да, аслида бу халқимизнинг дилидаги гап-ку.

Бирон-бир кўрсатувни билмадимки, баҳс-мунозарасиз ўтган бўлса. Кўплаб мулоҳазалар ўртага ташланди. Уларнинг ҳамммаси ҳам тўғри эмасдир. Аммо биз фикр айтиш, мунозара маданиятини ўрганаяпмиз, қатағон бўлишдек қўрқинч ҳиссини аста-секинлик билан енгиб бораяпмиз. Мана шунинг ўзи мамлакатимизда демократик тамойилларнинг тобора илдиз отиб бораётганидан далолатдир. Шу пайтгача қуюшқондан чиқиши таъқиқланган, фақат ёзиб берилганини ёдлаб, гапириб берадиган талаба бугун юксак минбарлардан ўз фикрини дадил айтаётгани қувонарли бир ҳолдир.

Табиийки, биз Халқаро пресс-клубнинг Самарқандда ўтган сессияси ҳамда ректоримиз Рустам Холмуродовнинг мавзу доирасидаги мулоҳазалари билан кўпроқ қизиқдик. Уларни эшитиб, таълимий-маърифий илдизлари бир неча минг йилликларга бориб тақаладиган, қадимий ва навқирон Самарқанд давлат университети ўзининг илмий ва маънавий салоҳияти билан муҳтарам Президентимиз олий таълим муассасалари олдига қўйган талабларни амалга оширишга қодир, деган хулосага келдик. Дарҳақиқат, ҳурматли ректоримизнинг «барча ҳаракатлар таълим сифатини яхшилашга қаратилган бўлиши керак», деган фикри амалиётимизда ғоятда зарурдир. Ана шундагина биз таълим-тарбия соҳасида кутилган «юқори материя»га эришамиз.

 

Суюн КАРИМОВ,

СамДУ профессори.