Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тиббиёт институтига ўқишга киритмоқчи бўлган фирибгарларга жазо тайинланди

Дониёр (исмлар ўзгартирилган) кўп тармоқли марказий поликлиникада эндокринолог шифокор бўлиб ишлайди. Гўзал эса ҳамшира.

Ўша пайт айни олийгоҳларга ҳужжат топширилаётган, кўпчилик ёшлар олийгоҳ талабаси бўлиш учун ўзини ҳар ёққа уриб юрган вақт эди. Бир куни ҳамкасблар гаплашиб турганда, Гўзал тиббиёт институтининг олий ҳамширалик иши йўналишига ҳужжат топширмоқчи эканини, бир-икки йилдан буён ўқишга киролмаётгани ҳақида гапириб қолди.

Дониёр шу заҳоти аввал тиббиёт коллежида ўқитувчи бўлиб ишлаган курсдоши Бобурни хаёлидан ўтказди.

- Менинг бир танишим бор, гаплашиб кўрайми? – деди.

- Бир ўзим эмасман, яна иккита танишим бор. Улар ҳам "мединститут"га кирмоқчи.

- Бўлди, учовингизни ҳам гаплашиб бераман, - деди Дониёр.

Орадан 15-20 кун ўтиб, Дониёр Гўзал ва унинг дугонасини шаҳарга бошлаб келди ва бир ошхонага кириб ўтиришди. Дониёр Бобурга қўнғироқ қилиб, тезда кўришиши кераклигини билдирди ва манзилни айтди.

- Ўқишга кирмоқчи бўлган икки киши бор. Уларга ўзингни “институтда ишлайдиган домланинг шогирдиман”, деб таништирасан. “Олий ҳамширалик иши” йўналишига киритиш учун 5.000 АҚШ доллари, “Даволаш иши” йўналиши бўйича 8.000 доллар бўлишини айтасан. Пулларни мен ўзим оламан. Кейин ўқишга киритадиган одам излаш керак. Хизматинг эвазига ҳар биридан 1.000 доллардан олиб қоласан, - деди Дониёр.

Кутилмаган жойдан ёғли таклиф чиққанидан Бобур ҳам шошиб қолди. Охирини ўйламай курсдошининг таклифига кўнди.

Ичкарига киргандан кейин Дониёр айтгандай ўзини домланинг шогирди қилиб кўрсатди. Талаба бўлиш харажати қанча бўлар экан деб, унинг оғзига термилиб турганларга Дониёр айтган нархларни айтди.

Қизлар яна бир Сарвар исмли таниши борлигини, у "стоматология"га ҳужжат топширмоқчи эканини, кейинги сафар уни ҳам олиб келишини айтишди.

- Стоматология ҳам 9-10 минг доллар бўлади, келаверсин, - деди Бобур.

Кейинги гал кўришганда Сарварнинг фикри ўзгарганини, ҳарбий бўлмоқчи эканини айтди.

- Майли 5 минг доллар билан СамДУнинг ҳарбий кафедрасига киритиб қўяман, - деди Бобур.

Дониёр курсдошининг гапини тасдиқлади.

Қизлар бир неча кунларда айтилган пулларни олиб келиб бериши керак эди. Гўзал 5 минг доллар излаб чарчади. Чунки бунча миқдордаги пулни ҳеч унга ким бермади.

Орада Дониёр тўхтовсиз телефон қилиб турди. Сўралган пулни тезроқ беришини, бўлмаса бошқа одам топишини айтиб тезлайверди. Унинг бу ҳаракатлари Гўзалда шубҳа уйғотди, тегишли идорага бориб, ўқишга киритиб қўймоқчи бўлганлар устидан арз қилди...

Холислар иштирокида унга овоз ёзиш мосламаси ва 18 минг доллар расмийлаштириб берилди. Гўзал поликлиника ҳовлисига келгандан сўнг Дониёрга қўнғироқ қилиб, пулларни олиб келганини айтди. Касби шифокор бщлган Дониёр уни хизмат хонасига чақирди ва машинасининг калитини бериб, “пулларни машина юкхонасига қўйинг” деди. Гўзал пулларни қўйиб, калитни эгасига бериб хонадан чиқди. Шу пайт ИИБ ходимлари холислар ишрокида келиб, Дониёрни ашёвий далиллар устида ушлади.

Суд мажлисида Дониёр ва унинг дўсти Бобур қилмишидан пушаймон бўлиб, оилада ягона боқувчи эканини, вояга етмаган фарзандлари борлигини айтиб, қонуний енгиллик берилишини сўради.

Суд уларга нисбатан ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.

Илҳом ҲАМИДОВ,
жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди судяси.
Фарҳод ХУДОЙБЕРДИЕВ,
жиноят ишлари бўйича Ургут тумани суди раиси.