Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тошкентдаги кўзи ожизлар махсус мактаб-интернатида махсус жиҳозланган инновацион компьютер маркази ташкил этилди

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан "Ko‘ngil ko‘zi" лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳар кўзи ожизлар махсус мактаб-интернатида махсус жиҳозланган инновацион компьютер маркази ташкил этилди. Бу ҳақда Агентлик директори ўринбосари Саида Мирзиёева ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали хабар берди.

Ушбу марказ кўриш имконияти чекланган болалар учун замонавий коммуникацион билимларни эгаллаш, бутунжаҳон интернет тармоғидан фойдаланиш кўникмаларини уйғотиш, китобхонлик маданиятини шакллантиришга хизмат қилади. Агентлигимиз томонидан тақдим этилган компьютерлар мактаб ўқувчилари имкониятларига мослаштирилган. Яъни, экранда нутқ интерфейслари орқали махсус ўқиш дастури ёрдамида матн блоклари, ёрлиқ номлари ва меню бандлари овозли эшитилади.

Бундан ташқари, ушбу компьютерлардаги 300 дан ортиқ аудиоматериаллар кўриш имконияти чекланган ўқувчиларнинг китобхонлик кўникмаларининг шаклланишида муҳим аҳамиятга эга бўлади.

“Бугун ана шу компьютер марказининг тантанали очилиш маросимини ўтказиб, махсус мактаб-интернати ихтиёрига топширдик. Севимли адибимиз Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романининг аудио талқинини мактаб фондига совға қилдик”, деб ёзади С.Мирзиёева.