Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тойлоқда экспортёр корхоналар Alibaba сайти орқали маҳсулотларини сотишни бошлади

Дунёдаги энг йирик онлайн харидорларга эга Alibaba тизимидан юртимизда ҳам хусусий тадбиркорлар фойдалана бошлаган. Ташқи бозорда янги харидорлар топиш ва экспорт ҳажмини замонавий йўллар билан ошириш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар ичида эса биринчилардан бўлиб Тойлоқ тумани ана шу тизимдан фойдаланишни йўлга қўйди.

Тойлоқда қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчи ва қайта ишловчи корхоналар сони ошиб бормоқда. Уларнинг маҳсулотларини экспортга чиқаришда кўмаклашиш туман ҳокимлиги инвестициялар ва ташқи савдо бўлими вазифаларидан бири. Аlibaba веб-сайтида яратилган “TAYLAK DISTRICT COMPANIES” профили ана шу бўлим томонидан ташкил этилди.

Ушбу манзилда фермер хўжаликларида етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва уларнинг маълумотлари жойлаштирилиб борилиши йўлга қўйилди.

Шунингдек, туманда айрим фермер хўжаликлари аллақачон мазкур тизимдан фойдаланишга ўтган. Жумладан, экспортёр корхона "Muzaffarova Shahnoza Nuriddinovna" фермер хўжалиги Alibaba сайтида Gold supplier аъзолик профилини очиш орқали Бразилия, Хитой, Россия ва бошқа давлатлардан янги ҳамкорлар топиб ўз маҳсулотларини экспорт қилмоқда.

- Биринчидан, жаҳон бозоридаги юқори рақобат, иккинчидан, бутун дунёда мураккаб карантин шароити, - дейди Тойлоқ тумани ҳокимининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосари Дилшод Умирзоқов. - Бундай вазиятда энг чекка туманда ҳам янги-янги лойиҳаларни татбиқ қилиш шарт. Қолаверса, дунё бозорида савдо-сотиқнинг эски усуллари аллақачон даврини ўтаб бўлмоқда. Биргина, Alibaba тармоғи 2013 йилда 231 миллион нафар фаол мижозларга эга бўлган эди. Ўтган йили эса бу тармоқда фаол харидорлар сони 636 миллиондан, сотувилар сони эса 10 миллиондан ошди. Ташқи бозорни мунтазам кузатиб бориш, истеъмолчилар қайси тармоқ ва тизимлардан ўзига маҳсулот изласа, ўша ерда пайдо бўлиб, таклиф киритиш орқалигина ўзимизга жой топа олишимиз мумкин.

Бунинг учун энди экспортёр фермерлар ҳам, биз каби давлат органлари ҳам хорижий тилларда эркин мулоқот қилиб, замонавий бозорнинг фаол иштирокчисига айланишимиз керак.

Дилшод Умирзоқовга кўра, корхоналар онлайн савдо дўконларига жойлаштириш орқали экспорт географиясини кенгайтиришнинг қуйидаги имкониятларига эга бўлади:

  • катта бино ёки савдо мажмуасини қуриш, ижарага олиш керак бўлмайди;
  • яхши лойиҳа ва мавжуд маҳсулот билан қисқа фурсатда қўшимча даромад манбаига эга бўлади;
  • айни пайтда онлайн савдода рақобат суст. Яхши сервис билан ТОП компанияга айланиб олиш мумкин;
  • ҳудудий чегаралар йўқ;
  • кунига 24 соат, ҳафтасига 7 кун ишлай олиш;
  • онлайн савдо орқали харидорлар вақтининг тежалиши ва катта ассортиментни кўра олиш муҳим рол ўйнайди;
  • интернетдаги маҳсулотлар сонига ҳеч қандай чегара йўқ.

Юқорида санаб ўтилганлар онлайн савдонинг асосий хислатлари. Шунингдек, агар офлайнда дўкон бўлмаса, уни онлайнда очиш таваккал қилиш даражасини анча камайтиради. Чунки интернетда дўкон очиш ва юритишда кам маблағ сарфланади.