Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Трамп ядро қуролларини қисқартириш ҳақидаги шартномаларга Хитойни ҳам қўшишни мўлжаллаяпти

АҚШ президенти Дональд Трамп пайшанба куни кечки пайт Fox. news телеканалига берган интервьюсида АҚШнинг ядро қуролидан тезроқ қутилиши лозимлиги ҳақида гапирди.

Бу ҳақда ТАСС хабар бераяпти.

Трампнинг фикрича нафақат АҚШ, балки Россия, шунингдек Хитой ҳам ўз ядро қуролларидан воз кечиши керак. Ана шунда дунё глобал хавфдан қутилади.

 

Телеканал бошловчисининг саволларига жавоб берар экан, у жумладан шундай деган:

"Бугун Россия раҳбари Владимир Путиннинг Шимолий Корея раҳбарига АҚШ ва Шимолий Корея ўртасидаги муаммоли масалаларни ҳал қилишда ёрдам бериши мумкинлигини айтганини кўрдим. Муаммоли масала бу ядро қуроллари. Ундан эса нафақат Шимолий Корея, балки Россия ҳам, Хитой ҳам, АҚШ ҳам воз кечишлари керак. Ана шунда муаммоли масаланинг ўзи қолмайди".

Олдинроқ CNN телеканали Трамп Россия ва Хитой билан ядро қуролларини қисқартириш ҳақида шартнома лойиҳасини тайёрлашни бошлаш ҳақида топшириқ бергани ҳақида хабар тарқатган эди.

АҚШ ва Россия ўртасидаги ядро қуролларини қисқартириш ҳақидаги охирги шартнома 2010 йилда, 10 йил муддатга мўлжаллаб имзоланган эди. Унинг муддати 2021 йилда тугайди. Томонларда уни 2026 йилгача узайтириш имконияти ҳам мавжуд. Трамп эса бундан буёғига бундай шартномаларга Хитой томонини ҳам киритишни мўлжаллаяпти.