Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ургутлик фирибгарнинг кирдикорлари ошкор этилди

Жорий йилнинг 11 апрель куни Самарқанд вилояти, Ургут туманида яшовчи Қ.З.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди билан айблов эълон қилинган ва шу куни «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, мазкур шахс икки нафар ургутликларни «чув» тушириб, пулларини фириб йўли билан ўзлаштириб олганликда айбланмоқда. 2017 йил март ойида Ургут тумани, Қуйиқишлоқ маҳалласида яшовчи фуқаро Р.Г.га ҳарбий хизматни ўтаб келган ўғлини ишга жойлаштириб беришни ваъда қилиб, ундан 2 000 АҚШ доллари миқдорида пулларни олган ва ўзининг эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

2018 йил март ойининг ўрталарида эса Ургут тумани, Терак маҳалласида яшовчи фуқаро Т.Ж.га жазони ижро этиш муассасасида жазо ўтаётган акасини муддатидан олдин озодликка чиқариб беришда ёрдам беришини айтиб, бунинг эвазига ундан 4 950 АҚШ долларини олади.

Кўриб турганимиздек, ҳар иккала ҳолатда ҳам фуқароларимиз ҳозирда мавжуд шунча имкониятлар бўлишига қарамасдан, ўз юмушларини бир фирибгар қўлига топширганлар ва оқибатда ўзлари қийин аҳволга тушиб қолганлар.