Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Вилоят судлари Халқ қабулхонаси билан ҳамкорликда онлайн сайёр қабул ўтказди

Ўтган қисқа давр мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси аҳолининг энг долзарб муаммоларини ҳал этиш имконини берувчи, давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари, барча даражадаги ҳокимиятлар билан фуқаролар ўртасидаги ҳамкорлик ҳамда уларни ушбу мақсадда бирлаштириб турувчи самарали механизмга айланди.

Хусусан, жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича вилоят судлари раислари томонидан белгиланган режа асосида туман ва шаҳар Халқ қабулхоналарида сайёр қабуллар ташкил этилиб, фуқароларнинг мурожаатлари ўрганиб борилмоқда.

Сайёр қабуллар аксарият ҳолларда вилоятнинг узоқ ёки аҳоли зич жойлашган ҳудудларида ўтказилса-да, аммо муддат чегаралангани ва айрим ҳолларда масофа олислиги ёхуд мурожаат қилувчи шахснинг моддий, жисмоний имконияти чегараланганлиги боис, ушбу ҳудуддаги аҳолининг айнан судга тааллуқли масалалари юзасидан бир вақтнинг ўзида уларни қабул қилиш имкони объектив сабабларга кўра чегараланмоқда.

Шу сабаб, бу галги сайёр қабул Қўшработ тумани Халқ қабулхонаси билан ҳамкорликда видеоконференцалоқа (ZOOM) тизими орқали ўтказилди.

Сайёр қабулда 10 нафар фуқароларнинг мурожаатлари тингланди. Шундан 7 нафар фуқаронинг мурожаати қаноатлантирилди, 2 нафарининг аризаси судда кўриб чиқиш учун қабул қилинди ҳамда 1 нафар фуқарога ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Жиноят ишлари бўйича вилоят суди.