Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Хўроз уриштириш: Ўртага пул тикиш ва томошага чипта сотиш - бу қимор

Ургут туманида яшовчи Бобур Шодиёров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) болалигидан хўроз боқиш ва уларни уриштиришга қизиққан. Унинг бу қизиқиши оила қуриб, рўзғор ташвишлари бошига тушгач ҳам қолмади. Албатта, бунинг зарари бўлмаслиги мумкин эди. Бироқ...

У болаликдаги қизиқиши ортидан даромад олиш йўлларини излай бошлади. Шу боис Қуйи Алгар маҳалласидаги ўзи яшайдиган ҳовлида 16 метрли айвон қуради. 2019 йил аввалидан бу ерда “арена” ташкил қилиб, ҳафтанинг ҳар чоршанба куни ноқонуний фаолият - хўроз уриштиришни йўлга қўйган. Ўйинни кўргани келганларнинг ҳар бирига 8 минг сўмдан “чипта” сотиб, даромад ола бошлаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 278-моддаси (қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш) 1-қисми билан жиноят иши очилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Жиноят ишлари бўйича Ургут тумани суди судьяси А.Аҳмадов ушбу ишни атрофлича ўрганиб чиқиб, Бобур Шодиёровга нисбатан 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

Абдураҳмон АБДУЛЛАЕВ,

Бош прокуратуранинг бошқарма прокурори.