Тотализатор тузоғига илинаётган авлод

“Бир соатда 100 доллар топишни истайсизми?”, “Кўп пул топиш учун ажойиб имконият”, “Осонгина, ҳеч қандай меҳнатсиз, уйда ўтириб, кунига 1000 доллар топинг”...

Ўзига оҳанрабодек жалб этаётган бундай сўзлар ижтимоий тармоқларда рекламалар орқали турли канал ва гуруҳларга аъзо бўлишни таклиф қилиб, ёшларни тотализатор ўйинлар домига тушириб қўймоқда.

Кейинги йилларда спорт тотализаторини ўйнаш даражаси бутун дунёда ошиб боряпти. Масалан, дунёда энг оммавий спорт тури футбол ҳисобланади. Тадқиқотларга кўра, 4 миллиарддан ортиқ одам футбол ўйинларини томоша қилар ва мусобақаларни кузатар экан. Бу ҳақда фикрлашишдан аввал тотализаторга муккасидан кетиб, пул ютқазган ҳамда ўз жонига қасд қилишгача борган икки воқеага эътиборингизни қаратсам.

Умра зиёратига йиғилган пул ўйинга сарфланди

–  Ёшим 22 да, автомойкада ишлайман. Тотализаторга пул тикишни икки йил олдин бир танишимдан ўрганганман. Бошланиши ёмон бўлмади. 100 минг сўм тикиб, 1 миллион сўмгача ютардим. Шунинг учун ўйинга қизиқишим янада ортди. Аммо бунинг ҳаммаси катта сумма тикиш учун қизиқтириш эканлигини билмасдим.

Бир куни чемпионлар лигаси ўйинида номдор жамоага 500 доллар тикдим. Энди ютдим деганда, телефоним ишдан чиқди ва ютқазиб қўйдим. Бу техник носозлик бўлса керак, деб ютқазган пулни қайтариш илинжида бувимни Умра зиёратига жўнатиш учун йиғилган пулни ҳам ўйинга тикдим. Афсуски, кўпроқ пул тикилгач, яна ютқаздим ва ўйиндан четлатилдим.

Қиморнинг хумори ёмон

Тотализаторда пул топишни касб қилган  инсонлар гиёҳванд модда таъсирида  бўлгандек, ўйин домига тушиб қолади. Маълумотларга кўра, АҚШда сўнгги йилларда 6 миллиондан ортиқ одам қимор ўйинлари сабаб касал бўлиб, даволанишга муҳтожлигини ва ўзини бошқара олмаётганини маълум қилган.

Яқинда paynet шохобчасида ишловчи йигит раҳбарига тегишли пулни тотализаторда ютқазиб қўйиб, ўзини пичоқлаган. Маълум бўлишича, ходим Paynet шохобчасидаги кассадан дўкон эгасига тегишли бўлган 6 миллион сўм пулни спорт тотализаторида ютқазиб қўйган. Шундан сўнг у шок ҳолатида дўконда турган пичоқ билан ўзига жароҳат етказган ва ҳушини йўқотган. Ўзига келганда эса нима бўлганлигини тушунтириб беролмаган.

Мутахассислар фикрига кўра, интернетда таваккалчиликка асосланган бундай ўйинлар қурбонига айланаётганларнинг аксарияти “Z” (зед) авлод вакиллари ҳисобланади. Бу авлод  мобил телефонлар билан улғаяётган - 1997-2015 йиллар оралиғида туғилганлардир. 2019 йилда уларнинг 97 фоизи мобил телефондан фойдаланган ва 78 фоиз “Z” авлод вакиллари маълумот олиш ва мароқли вақт ўтказишни асосий воситаси сифатида смарт қурилмаларни кўрсатган. Шунинг учун ҳам улар медиамаконига “шўнғиб” кетган.

Хўш, бу авлодни ахборот хуружларидан, букмекерлик ва тотализатор типидаги қимор ўйинлардан қандай сақлаш мумкин?

Очиғи, замонавий ўқувчи қуруқ матн билан қониқмайди. Уларнинг ишончи ва эътиборини қозониш учун кўпроқ фото ва видеоматериаллардан иборат визуал ахборотларни аниқ ва содда етказиш талаб этилади.

Бунинг учун, аввало, барча ўқув муассасаларида, ҳудудларда, маҳаллаларда IT-марказлар фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда соҳага малакали медиа-мутахассисларини жалб қилиш керак. Шунингдек, сайтларда реклама қилинаётган қимор ўйинларини чеклаш ҳамда ундан фойдаланувчилар фаолиятини  қонун билан назорат қилиш мақсадга мувофиқ.

Фазлиддин Рўзибоев.