Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Зирабулоқ магистрал газ қувури ёрилиши оқибатида келиб чиққан ёнғин бартараф этилди

​Бугун ижтимоий тармоқларда "Самарқанд вилояти Нарпай тумани ҳудудида катта магистрал газ қувури портлади", мазмунида хабар ва видеолавҳа тарқалди.

Ушбу ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз: «Ҳақиқатан ҳам Самарқанд вилояти Нарпай туманидаги Зирабулоқ магистрал газ қувурида бугун, 2 февраль куни соат 16:45 ларда «БГР-ТБА» магистрал газ қувурлари 1- ва 4-тармоқларининг газ қувури ёрилиши оқибатида ёнғин содир бўлган. Авария натижасида жароҳатланганлар ва қурбонлар йўқ.

"Ўзтрансгаз" акциядорлик жамиятининг Зирабулоқ магистрал газ қувурлари бошқармаси махсус ишчи гуруҳининг тезкор ҳаракатлари натижасида соат 17:15 да ёнғин бартараф этилди.

«БГР-ТБА» магистрал газ қувурларининг 2-3 тармоқлари орқали газ транспорт тизими узлуксиз ишлаши йўлга қўйилди.

Айни пайтда Зирабулоқ, Ғаллаорол, Муборак ва Газли магистрал газ қувурлари бошқармаларининг махсус таъмирлаш бригадалари талофатни бартараф этиш мақсадида воқеа жойида иш олиб бормоқда. Қисқа муддатларда магистрал газ қувурлари қайта ишга туширилади ва барқарор ишлаши таъминланади.

Ёнғин келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда.

Табиий газ истеъмолчиларидан келиб чиқиши мумкин бўлган ноқулайликлар учун “Ўзтрансгаз” АЖ олдиндан узр сўрайди».

“Ўзтрансгаз” АЖ ахборот хизмати.