Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

2 туп чинор дарахти ноқонуний равишда кесиб ташланганлиги 44 миллион сўм зарар етказган

2020 йилнинг 21 март куни Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек кўчасида жойлашган «Афсона» чўмилиш сув ҳавзаси ҳудудида 2 туп чинор дарахти ноқонуний равишда кесиб ташланганлиги аниқланди. Ушбу ҳолат вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси мутахассислари томонидан жойида бориб ўрганилди.

Ўрганиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлиги томонидан 2020 йил 20 январда 1-сон билан рўйхатдан ўтказилган, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва «MALAXIT PLUS» МЧЖ ўртасида тузилган «Алишер Навоий» номли маданият ва истироҳат боғига қарашли «Афсона» чўмилиш сув ҳавзасини молиялаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш ва қайта реконструкция қилиш, замонавий жиҳозлаш ҳамда ундан фойдаланиш ҳақида давлат-хусусий шериклик битими мавжудлиги аниқланди.

«MALAXIT PLUS» МЧЖ раҳбари буйруғи билан белгиланган тартиб қоидаларга амал қилмасдан 2 туп чинор дарахтлари ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда кесиб ташланганлиги оқибатида ўсимлик дунёсига 44 миллион 600 минг сўм зарар етказганлиги маълум бўлди. Ҳолат юзасидан маъмурий баённома расмийлаштириб, тўпланган ҳужжатлар Самарқанд шаҳар маъмурий судига етказилган зарарни ундириш учун тақдим этди.

Давлат экология қўмитаси ахборот хизмати.