Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Болаларга беринг дунёни!

1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни Қуролли Кучлар тизими ҳарбийларининг ҳам эътиборидан четда қолмади.

Тошкент шаҳридаги “Матонат” спорт соғломлаштириш мажмуасида давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ташаббуси билан ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари иштирокида  байрам тадбири ўтказилди.
Унда самарқандлик ҳарбийлар ва уларнинг фарзандлари ҳам фаол иштирок этди, дам олди.

Тадбирнинг ДХХ чегара қўшинлари ҳарбий оркестрининг мусиқий садолари остида очилиши болажонлар ва иштирокчиларга ўзгача завқ бағишлаб, байрамни кўтаринки руҳда ўтишига дебоча бўлди.

Тадбир давомида болажонлар учун турли шартлар асосида маданий, маънавий-маърифий, интеллектуал лойиҳалар, спорт мусобақалари ўтказилди. Тенгқурлари орасида чаққонлиги ва эпчиллиги билан ғолиб бўлган болажонлар турли совғалар билан тақдирланди.  Тадбир дастури доирасида болажонларнинг оналари ҳам четда қолмади. Улар учун “Пазандалик маҳорати”, “Саҳна кўриниши”, “Билимдонлар баҳси”, “Қувноқ стартлар” каби шартлар асосида “Намунали она” кўрик-танлови ўтказилди.

- Болаларга бўлган эътибор уларда шаклланаётган Ватанга бўлган ишонч ҳиссини оширади, - дейди ДХХ чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиси  
Б.Закиров. – Қилинаётган бу каби ижобий ишлар болажонларимизнинг ўзларини янада бахтли ҳис қилишларига, мамлакатимизнинг муносиб ворислари бўлиб вояга етишларига замин яратади.
Тадбир сўнгида ДХХ чегара қўшинлари ашула ва рақс ансамбли хонандалари томонидан концерт дастури намойиш этилди.  


Э.ЯДГАРОВ.