Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Каттақўрғонлик 10 оилага 8 тонна кўмир тарқатилди

Кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларга ёрдам кўрсатиш ҳар биримиз учун савоб иш ҳисобланади. "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамиятига қарашли "Темирйўлёнилғитаъмин" бошқармаси Самарқанд бирлашган ёнилғи омбор хўжалиги ташаббуси билан Каттақўрғон кўмир омбори томонидан тумандаги Янги ҳаёт маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтожлар рўйхатида турувчи 10 та оилага бепул 8 тонна кўмир маҳсулотлари тарқатилди.

- Ўзим ногиронман, шу сабаб ҳар йили қишнинг совуқ кунлари уйимизни иситиш учун кўмир сотиб ололмай қийналамиз, - дейди Янги ҳаёт маҳалласидаги Ҳаким оқсоқ қишлоғида яшовчи Лола Толипова. – Ўтин муаммо, кўмир олишга маблағ тополмаймиз. "Темирйўлёнилғитаъмин" бошқармаси Самарқанд бирлашган ёнилғи омбор хўжалиги вакиллари уйимизга келиб, оилавий шароитимизни ўрганди. Натижада бизга ижтимоий ёрдам сифатида 300 килограмм кўмир беришганидан мамнун бўлдик. Бу ҳам давлатимизнинг биз каби муҳтож фуқароларга ҳар томонлама эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб келаётганидан далолат.

Самарқанд бирлашган ёнилғи омбор хўжалиги ахборот хизмати.