Талабалар муаммоси кўп, улар қачон бартараф этилади?
❓Самарқандда талабаларнинг ўқиши ва яшаши учун қандай шарт-шароитлар яратилган?
❓Талабалар учун қўшимча ўқув хоналари ва ётоқхоналар қурилдими?
❓Дарсликлар кўпайтирилдими?
❓Айни кунларда талабаларни қандай муаммолар қийнаяпти?
Кейинги йилларда ёшларни олий ўқув юртларига кенгроқ жалб қилиш мақсадида ҳар бир олий таълим муассасасида квоталар сони оширилди, табақалаштирилган тўлов-контракт асосида қўшимча ўринлар ажратилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2020 йил 4 февралдаги 12-сон баёни билан қўшни давлатлар (Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон)даги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларнинг ўқишини кўчиришга рухсат берилди.
Қисқаси, олий таълим муассасаларида талабалар сони оширилди. Бу бир томондан яхши, аммо уларнинг ўқиши ва яшаши учун шарт-шароит яратилдими?
Талабалар учун қўшимча ўқув хоналари ва ётоқхоналар қурилдими? Дарсликлар кўпайтирилдими?
Шу ҳақда интернетда “Олий ўқув юртларида анъанавий дарслар бошланди. Талабаларни қандай муаммо қийнаяпти?” мавзусида аноним сўровнома ўтказдик.
Сўровномада 2150 нафар талаба иштирок этди. Уларнинг 58 фоизи талабалар ётоқхонасида жой йўқлигини билдирган. 20 фоизи жамоат транспорти қатновидаги муаммолардан азият чекаётган бўлса, 12 фоиз талаба дарсликлар йўқлиги, 10 фоизи эса ўқув хоналари етишмаслигидан қийналаётган экан. Аммо баъзи талабалар сўровномада келтирилган муаммоларнинг ҳаммасидан қийналаётгани, аммо барча жавоблар тўғри, деган вариант берилмаганини ҳам айтди.
Талабалар ётоқхонаси ўқув биносидан 12 километр узоқликда жойлашган
Бугун Самарқанд шаҳридаги олий таълим муассасаларида талабалар учун тураржой етишмайди, ётоқхоналар сони чекланган. Масалан, Самарқанд ветеринария медицинаси институтида 576 та ўринли 2 та талабалар тураржойи мавжуд. 1-сон талабалар тураржойи ўғил болалар учун мўлжалланган бўлиб, 300 ўринга эга. 2-сон талабалар тураржойи қизлар учун 276 та ўринга мўлжалланган.
Институтда 6000 нафарга яқин ёшлар таълим олади, демак тураржой билан таъминланиш бўйича қамров 10 фоизга ҳам етмайди.
Айни кунда ҳар икки ётоқхона таъмирталаб аҳволда. 1-сон ётоқхона 2003 йилда вилоятда ўтказилган “Универсиада-2003” муносабати билан жорий таъмирдан чиқарилган, 2-сон ётоқхона эса умуман таъмирланмаган.
Институт ахборот хизматининг хабар беришича, 2020 йилда институт ётоқхоналари Давлат дастури асосида капитал ва жорий таъмирдан чиқарилиши керак бўлган, пандемия ва карантин сабаб иш ортга сурилган. 2021 йилнинг иккинчи чорагидан ётоқхоналар ва институтнинг бош биносида ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилиши кўзда тутилган.
Самарқанд давлат тиббиёт институтида 3 та ётоқхона мавжуд бўлиб, улардан бири 500, иккинчиси 200, учинчиси 400 (жами 1100) ўринли. Айни пайтда институтда 800 ўринли ўқув биноси қурилмоқда. Агар бино фойдаланишга топширилса, ўқув бинолардан бири янгисига кўчирилади ва эски ўқув биноси талабалар ётоқхонасига айлантирилиши режалаштирилмоқда. Институтда талабаларнинг умумий сони 6767 нафар (шундан бакалаврлар 5485 нафар, магистрлар ва клиник ординаторлар 936, хорижий талабалар 346 нафар)ни ташкил этади.
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиалида бакалавриат, магистратура ва сиртқи таълим йўналишларида таҳсил оладиган талабалар сони 2365 нафар бўлиб, уларга атиги 340 ўринли ётоқхона ажратилган. Талабалар тураржойи ўқув биносидан 12 километр узоқликда жойлашган, яъни талабалар дарсга иккита автобус алмашиб қатнайди.
2014 йилда филиал ҳовлисидан 620 ўринга мўлжалланган талабалар тураржойи қуриш режалаштирилган. Лойиҳага кўра, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги талабалар ётоқхонасини қуришни молиялаштириши керак бўлган. Бироқ, ҳанузгача ушбу қурилиш ортга сурилиб келмоқда.
- Талабалар ётоқхонаси муаммосига биз ҳам ечим излаяпмиз, - дейди филиал директори Зайниддин Қаршиев. – 2014 йилдаги режа амалга ошмаган, шунинг учун Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига таклиф билан чиқдик. Таклифда давлат – хусусий шерикчилик асосида ўқув биноси ва талабалар тураржойи қуришни айтганмиз. Аммо давлат-хусусий шерикчилик асосида қурилиш қилсак бўладими, йўқми билмаймиз.
Олий таълим муассасасида талабалар тураржойи йўқ
“Ипак йўли” туризм халқаро университети ташкил бўлганига 3 йил тўлди. Аммо ҳалигача университетда талабалар тураржойи мавжуд эмас.
- Ҳозирча бизга Самарқанд давлат университети 55 ўринли тураржой ажратган. Шундан фойдаланиб турибмиз, - дейди университетнинг жамоатчилик билан алоқалар PR бўлими бошлиғи Наргиза Абдувоҳидова. - Талабаларимиз 1200 нафар атрофида. Биз ётоқхонага узоқ вилоятдан келган, кам таъминланган ёки турар жойга жуда муҳтож талабаларни қўямиз. Университетимиз учун талабалар тураржойи ва сайёҳлар учун меҳмонхона қуриш режалаштирилган. Талабалар тураржойдан фойдаланиш билан бирга меҳмонларга хизмат кўрсатади. Режалаштирилган талабалар тураржойи яқин келажакда қурилишига умидвормиз.
Мисолларни яна давом эттиришимиз мумкин. Вилоятимиздаги деярли барча олий таълим муассасаларида бугун талабалар тураржойи муаммо. Ҳар бир институтда атиги 10-15 фоиз талаба тураржой билан таъминланган. Қолганлари эса ижарада яшайди, ҳам контракт тўлайди.
Талабалар шаҳарда ижара учун қанча пул тўлайди?
- Талабалар ижара уйнинг шароитига қараб 120 мингдан 250 минг сўмгача тўлайди, - дейди ТАТУ Самарқанд филиали талабаси Тоҳир Айноқулов. – Баъзилари 4 киши 150 долларга ижара уйда туради, улар ижара учун 400 минг сўм атрофида пул сарфлайди. Аммо шунда ҳам квартира топиш жуда қийин.
- Квартира масаласида қийинчилик бўляпти, - дейди Самарқанд давлат университети талабаси Мирфаёз Раззоқов. - Ижарага ҳам уй топилмаяпти. Менинг ўртоқларим Фарғонадан келяпти, икки киши, квартира йўқ. Ҳозир пандемия туфайли одамлар ҳам ижарага олмайди.
- Ётоқхонага асосан узоқ вилоятлардан келганлар жойлаштирилиши керак, - деди Самарқанд давлат чет тиллар институти талабаси. – Аммо бизда Сурхондарё, Қашқадарёдан келганлар ижарада яшайди. Ётоқхонага эса таниш-билишчилик асосида яқин туманлардаги талабалар жойлаштирилган.
Суриштирувимиз чоғида шу нарса маълум бўлдики, талабалар ижарага жой топишдан қийналар экан. Айрим уй эгалари 4 кишидан ортиқ турмайсан, ойига 150 доллар тўлайсан, деб талаб қўяди. Талабалар мажбурликдан рози бўлади.
Талабалар ижарага бир ойда ўртача 150-200 минг сўм атрофида пул сарфлайди. Транспортга 1400 сўмдан бориб-келиш 2800 сўмга тушади, яъни қатнашга 70 минг сўм атрофида пул сарфланади. Еб-ичишидан ташқари талаба бир ойда ижара ва транспортга ўртача 220 минг сўм сарфлайди. Агар у ўқув даргоҳига иккита автобус билан борса ёки қимматроқ ижарада турса унда харажати яна ошади.
Йўллардаги тирбандликлар талабаларнинг кечикиб келишига сабаб бўляпти
Талабаларни қийнаётган транспорт муаммоси аслида шаҳар аҳлининг ҳам муаммосидир. Айрим ҳудудларга қатнайдиган автобусларга одам кўплигидан чиқишнинг имкони йўқ. Бунинг устига коронавирус эпидемияси яна тарқала бошлаган бир пайтда аҳоли зич жамоат транспортининг ўзи хавфли. Ҳамманинг ҳам таксида қатнашга имкони йўқ. Асосан талабалар жамоат транспортидан фойдаланишга мажбур. Йўллардаги тирбандликдан ташқари баъзи йўналишларда эрталаб ва кечқурун автобуслар тўла бўлади. Масалан, Қорасув массивига қатнайдиган 35-, 27-рақамли автобуслар пандемия давом этаётган бир пайтда меъёридан ортиқ одам оляпти. Негаки, массивда аҳоли сони, асосан шаҳар ичига қатнайдиган ёшлар кўп, автобуслар эса кам. Бунинг устига йўллардаги тирбандликлар ҳам талабаларнинг дарсларга кечикиб боришига сабаб бўлмоқда.
- Йўллардаги тирбандликлар сабаб имтиҳонга 10 минут кечикиб бордим, - деди Самарқанд давлат чет тиллар институти талабаси. – Аслида йўлга бир соат олдин чиққандим. Кейин мени имтиҳонга қўйишмади, вақтида келмаганинг учун “йиқилдинг” дейишди.
Кутубхонада адабиётлар бор, аммо бошқа тилларда
Сўровномада иштирок этган 12 фоиз талаба мавзуга оид дарсликларнинг йўқлигини айтган. Айрим олий таълим муассасаси раҳбарлари мавзуга оид дарсликлар платформага киритилгани, талабалар ундан электрон тарзда фойдаланиши мумкинлигини айтишди.
- Биз фойдаланиладиган адабиётларни кутубхонадан топсак бўлади, - дейди Самарқанд давлат университети талабаси. – Аммо баъзилари рус тилида, ўзбек тилидагиси йўқ. Кўпинча мавзуга оид адабиётларни интернетдан электрон тарзда топамиз ва керакли жойини қоғозга чиқарамиз. Китобнинг электрон вариантини телефондан ўқиш қийин.
- Кутубхонамизда адабиётлар ва ундаги маълумотлар эскириб кетган, - дейди Самарқанд ветеринария медицинаси институти талабаси. – Баъзи китоблардаги эски маълумотлар янгиланиб, 2-3 та китоб қилинган. Аммо ундан ҳамма талабалар фойдалана олмайди. Шунинг учун электрон вариантини олиб ўқиймиз. Бироқ, баъзи адабиётлар ҳамон рус тилида. Биринчи курсда ўқитувчилар ўз фанидан мавзуга оид материалларни китоб қилиб, талабаларга сотарди ва анча даромад қиларди. Институтга янги ректор келгач, бунга чек қўйилди.
- Биз кутубхонамиздан фойдалана олмаймиз, сабаби кечки бўлимда ўқиймиз, - деди Самарқанд давлат чет тиллар институти талабаси. – Кечки пайт кутубхона ёпиқ бўлади, дарсларимиз соат 17:30 дан 20:20 га қадар ўтилади. Кутубхонадан кундузи фойдалансак бўлади, очиғи ўзимиз бормаймиз. У ерда тарих, она тилига оид дарсликлар бор, бироқ мутахассисликка оид дарсликлар тез-тез янгиланиб турилгани боис, уларни интернетдан оламиз.
Сўровномада иштирок этган талабаларнинг 10 фоизи ўқув хоналари етарли эмаслигини билдирган. Факт ва рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиалида 2365 нафар талабага 1780 ўринли 3 та ўқув биноси, Самарқанд давлат чет тиллар институтида 6343 нафар талабага 3524 ўринли 4 та ўқув биноси фаолият кўрсатмоқда.
Бугун ўқув хоналарининг етишмаслиги Самарқанд давлат университетида энг катта муаммога айланган. Университетда 27800 нафар талаба учун атиги 9200 ўринли 11 та ўқув биноси мавжуд.
Талабаларни яна қандай муаммолар қийнамоқда?
Самарқанд давлат университети талабаси: - Талабаларнинг муаммоси биргина тураржой ва дарсликлар эмас. Уларни қийнаётган асосий муаммо – бу контракт пуллари. Кўпчилик талабалар контракт пулларини тўлашга қийналади. Баъзилари домла билан “гаплашиб”, ҳафтада икки кун дарсга келади. Қолган кунлари мардикор бозорида ишлайди, ижара, яшашига ўзи пул топади. Ота-онаси бир амаллаб контрактини тўлайди. Улар бошқалар сингари қўшимча дарсларга бормайди, тил ўрганиш курсларига қатнамайди. Билим олишни истайди, аммо имкони йўқ. Имкони борлар инглиз, рус тилларини ўрганяпти. Ҳозир қаерга ишга борманг сиздан нечта тилни билишингизни сўрашади.
Самарқанд ветеринария медицинаси институти талабаси: - Курсимизнинг 50 фоизи якшанба куни мардикор бозорига чиқади. Баъзилари кечқурун юк туширади, кундузи дарсга келади. Бизда давомат қаттиқ назорат қилинади. Айрим талабалар сал яхшироқ домланинг дарсига кирмайди. Кейин 10 бетлик реферат ёзиб, “нб”дан қутилади. Талабаларнинг кўпчилиги шаҳарда ўқиш, яшаш учун ўзлари пул топади. Контракт суммасининг қимматлиги ота-оналарни ҳам, талабаларни ҳам қийнаяпти.
Самарқанд давлат чет тиллар институти талабаси: - Бизни қийнайдиган муаммо – ўқитувчилар. Кечки бўлимга билимли ўқитувчилар қўйилмаган, баъзилари номига дарс ўтиб кетади. Билмадик, балки кундузгиларга маҳоратли, билимли ўқитувчилар дарс берар, аммо бизга тажрибасиз ўқитувчилар дарс беради.
Бундан ташқари, кечки бўлим талабаларининг кундузи ишлашига рухсат берилмаяпти. Кечки бўлим 100 фоиз контракт асосида ўқийди. Шунингдек, ижарага 250 минг сўм берамиз. Кундузи ишлашга вақтимиз бор, аммо ҳеч қаерга ишга олишмаяпти. Ўтган йили уч ой мактабда ишладим, 800 минг сўм атрофида маош олдим. Уч ойдан сўнг мактаб директори чақириб, энди сенга ойлик беролмайман, кечки бўлимда ўқийдиганлар ишга олинмасин, деган буйруқ чиққан» деди. Бошқа курсдошларим ҳам худди шундай ишидан ажралди. Агар кечки бўлимда ўқийдиганларнинг ишлашига рухсат берилса жуда яхши бўларди.
Нега ОТМ раҳбарлари талабалар билан учрашмайди?
Бугун талабаларни қийнаётган муаммоларнинг фақат бир қисмини ёритишга ҳаракат қилдик холос. Аслида уларнинг муаммолари кўп, аммо ечимини ким ҳал қилади? Ўтган йили олий таълим муассасаларида яхши бир ташаббусга қўл урилганди, яъни ректорлар талабалар билан учрашувлар ўтказиб, уларнинг муаммосига қулоқ тутаётганди. Бу йил эса ҳали бирор ОТМда бундай тадбир ўтгани ҳақида эшитмадик.
Олий таълим муассасалари раҳбарлари талабалари билан тез-тез учрашиб турса, уларнинг муаммосини ваколати доирасида ҳал қилиш ҳақида ўйласа нур устига нур бўларди.
Шунингдек, контракт асосида ўқиётган талабаларга ҳам ёрдам тариқасида ҳомийлар топиш ёки контракт пулини камайтириш чоралари кўрилиши керак. Ахир ҳафтада икки кун дарсга борадиган талабадан эртага қандай яхши мутахассис чиқади? Биз жаҳон стандартларига мос етук кадрлар тайёрлашни мақсад қилганмиз ва бу ҳақда қонун ҳужжатлари имзоланган. Аммо муаммолар қуршовида таҳсил олаётган талабалардан етук кадрлар чиқишига ким ишонади?
Бундан ташқари, масъул соҳа раҳбарлари олий таълим муассасаларидаги ётоқхоналарга энг биринчи навбатда узоқ вилоятлардан келганлар ва кам таъминланган оила фарзандларини жойлаштиришни ўйлаб кўрса, фойдадан холи бўлмасди.
Энг муҳими, олий таълим муассасаларида қўшимча ўқув бинолари ва ётоқхоналар қурилмаса, келаси йил ушбу муаммолар янада катталашади. Қабул квоталари кўпайтирилаётган бир пайтда талабалар учун шарт-шароитлар яратишни ҳам ўйлайлик.
Дарсликлар мавзусига ҳали қайтамиз.
Хуршида Эрназарова,
«Зарафшон» мухбири.