Бобурни ҳайратга солган Ўш

Самарқанд давлат маданият тарихи музейида “Сулаймон-Тоо” - жаҳон мероси объекти” кўргазмаси очилди. Экспозиция Ўш шаҳрининг (Қирғизистон Республикаси) “Сулаймон-Тоо” миллий тарихий-археологик музей мажмуаси томонидан ташкил этилди.

- Биз 3000 йилдан ортиқроқ тарихга эга қадимий Ўшдан келдик, - дейди “Сулаймон-Тоо” миллий тарихий-археологик музей мажмуаси директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Хайрулла Ибайдуллаев. – 33 мингдан ортиқ нодир экспонатлар сақланадиган муҳташам Сулаймон-Тоо тоғи бизнинг музей мажмуамизнинг асоси ҳисобланади. Самарқандда ўтказилаётган экспозицияда музейнинг асосий бойликлари намуналарини, илмий материаллар, фото ҳужжатларни тақдим этамиз.

Кўргазманинг очилиш маросимида Ўрта асрларда Заҳириддин Муҳаммад Бобур бир неча бор Ўш шаҳрига ташриф буюргани эътироф этилди. У бу ҳақда ўзининг “Бобурнома” асарида эслаб ўтган.

Сулаймон-Тоо тоғида Бобурнинг буйруғи билан ҳужра қурилган, у ердан шаҳар кафтдек кўринган. Темурийлар сулоласи вакили Ўш ўзининг озодалиги, кўплаб табиий дарёлари, яшил табиати ва мусаффо ҳавоси билан инсонни ҳайратга солиши ҳақида ёзган.

Бобурнинг ҳужраси 1963 йилда динга қарши ҳаракатлар тўлқини оқибатида вайрон қилинган. Бироқ 1989 йилда эски пойдевор ўрнида бино қайта тикланган. Бугунги кунда ушбу макон маҳаллий аҳоли ва кўплаб сайёҳлар томонидан қадрланади.

- Ўтган йилнинг ноябрь ойида музейларимиз ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган, - дейди Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси директори Мустафоқул Самариддинов. – Қўшни республикадаги ҳамкасбларимиз томонидан Самарқандда ташкил этилган экспозиция эришилган келишувларнинг амалий самарасидир. Кўргазма икки мамлакат ўртасидаги маданий ҳамкорликни мустаҳкамлашга, Марказий Осиё тарихини ўрганишга хизмат қилади.

Кўргазма ўз ишини 20 мартга қадар давом эттиради.

Ринат АБДУЛМАНОВ,

Александр ХАРИТОНОВ (фото).