Эфроим Гурман: Ўқиш, ўрганиш ва янгиликларни кашф этишга тайёрлик ҳолати ўзбек халқининг қонига сингиб кетган

2019 йилнинг 16-17 октябрь кунлари Самарқанд давлат университетида “Озиқ-овқат хавфсизлиги: Миллий ва глобал омиллар (Food security: National and global challaneges)” мавзусида халқаро илмий конференция бўлиб ўтди. Конференция Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Қурғоқчил ҳудудларда қишлоқ хўжалиги бўйича тадқиқотлар олиб борувчи халқаро марказ (ИКАРДА) билан ҳамкорликда ўтказилди.

Унда АҚШ, Италия, Россия, Болгария, Хитой, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа чет давлатларнинг нуфузли олимлари қатори АҚШнинг “VetVittlesLLC” компанияси бошқаруви раиси, профессор Эфроим Гурман аҳоли соғлигини сақлаш, озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда носоғлом овқатланиш муаммолари хусусида ўз илмий ғоялари, қарашлари билан ўртоқлашганди.

Яқинда АҚШнинг www.hvy.com сайти шарҳловчиси Меган Миханнинг Эфроим Гурман билан Ўзбекистонга, шу жумладан, Самарқандга бўлган сафари ва бундан кейин халқаро ҳамкорлик қилишни давом эттириш режалари ҳақида суҳбатлашди:

- Мен Ўзбекистонга, Самарқандга боришни режалаштирганимда асосий мунозарали мавзулар – озиқ-овқат етишмовчилиги, очарчилик ва шунга ўхшаш масалалар бўлишини кутган эдим, - дейди профессор Эфроим Гурман. - Америкалик бўлганим учун менинг асосий ташвишим бироз бошқачароқ эди. Яъни, семизлик, ривожланган мамлакатларда сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ва озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ масалалар. Улар мени нотўғри тушунишади, деб қўрққандим. Лекин нутқим катта ҳаяжон билан қабул қилинди. Ғоямга, ушбу йўналишдаги тадқиқотларимга бўлган самимий қизиқиш, сафаримдан олдин бўлганидан-да кўпроқ куч ва ғайрат бахш этди. Бирмунча вақт давомида мен озиқ-овқат етишмовчилигини қоплаши керак бўлган биологик фаол қўшимчалар устида иш олиб бордим ва бу борада олган энг муҳим натижаларимни биринчи марта ҳамкасбларимга тақдим этдим. Конференцияда юқори малакали олимлар томонидан билдирилган ижобий фикрлар менга ҳатто ушбу мавзу бўйича монография устида иш бошлашимга туртки берди.

Ўзбекистон америкаликлар учун хавфсиз ҳудуд. Нега?

- Биринчи навбатда, бизнес ва илмдан ташқари, ушбу мамлакатнинг чет элликлар учун очиқлиги мени ҳайратга солди. Ўзбекистон - мусулмон давлат. Менимча, мусулмон давлатлар ичида америкаликлар хавфсиз саёҳат қила оладиган давлатлар унчалик кўп эмас. У ерда ислом цивилизациясининг дастлабки босқичлари билан боғлиқ кўплаб диққатга сазовор жойлар мавжуд. Шунингдек, масжидлар билан биргаликда черков ва синагогани кўриш мумкин. У ердаги одамлар жуда меҳмондўст.

Биз мусулмон давлатлари замонавий технологиялар, илм-фан ва тадбиркорлик соҳасида ортда қолган, деб ўйлашга одатланиб қолганмиз. Аммо бу ерда одамларнинг ўқиш, ўрганиш ва янгиликларни кашф этишга тайёрлик ҳолати ўзбек халқининг қонига сингиб кетганлигини ҳис этдим.

Ўзбекистонда қизиқувчан, саволларга жавоб изловчи ёшлар кўп

- Ўзбекистон – ёшлар мамлакати, ҳар ерда ёшлар ва ўсмирларни кўрасиз. Уларнинг кўпчилиги маълумот олишни хоҳлашади. Аҳолисининг аксарияти ёшлардан иборат бўлган мамлакатда таълим муаммоси бирламчи масала бўлади. Ёшлар инглиз тилида гаплаша олади, ҳар қандай университет ёки коллежда абитуриентлар ўртасида кучли соғлом рақобат мавжуд. Конференция ташкилотчиси – Самарқанд давлат университети бу борада катта қадамларни ташламоқда. Биринчидан, бу университет дунёнинг энг қадимги университетларидан бири. У шаҳар марказида, чиройли хиёбонда жойлашган. Университет раҳбари, профессор Р.Холмуродов ғояларга тўла инсон, университетни ривожлантиришда кўплаб ижобий ўзгаришларнинг ташаббускори. Ҳозирда биология факультети, умуман, университет билан доимий алоқадамиз. Таълим ва фан соҳасидаги давлат дастурларида келгуси бир неча йил ичида СамДУ ушбу соҳаларда етакчи мавқега эга бўлиши кўзда тутилган.

Худоёр КЕЛДИЁРОВ тайёрлади.