“Самарқандиёна энциклопедияси” тақдимоти ўтказилди

Самарқанд шаҳрида “Самарқанд: маданиятлараро мулоқот маконида шаҳар қиёфаси. Хорижий Самарқандиёна энциклопедияси” номли китоб тақдимоти ҳамда “Жаҳон ичра Самарқанд” мавзусида тайёрланган кўргазма ташкил этилди.

Самарқанд халқаро технология университети ташаббуси билан ўтказилган тадбирда университет ректори Ю.Абдуллаев мазкур энциклопедиянинг яратилиш тарихига тўхталди, китобни тайёрлашда яқиндан кўмак берган Анатолий ва Владимир Ионесовлар хизматини эътироф этди.

Мазкур энциклопедия қайта ишланган ва кенгайтирилган иккинчи нашр эканлиги, илмий ахборот нашр ҳисоблангани, 2014 йилда Самарада чоп этилган аввалги нашрга қўшимча янги маълумотлар, факт ва рақамлар бойитилгани таъкидланди. Жумладан, нашрга 10 тилда қисқача тавсиф берилган бўлиб, у Шарқ тарихи ва маданияти, халқ дипломатияси, минтақашунослик, маданиятлараро мулоқот ва халқаро ҳамкорлик масалаларига қизиқадиган кенг омма учун мўлжалланган.

Китобда “Хорижий Самарқандиёна маданияти” сўзи илк бор ишлатилгани айтилди. Энг муҳими, бу китоб туризм ва маданий мерос соҳаси мутахассислари, музей ходимлари ва таржимон-экскурсоводларга фойдали қўлланма вазифасини бажариши билан аҳамиятли. 

Шунингдек, учрашувда сўз олган Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ф.Тошев мазкур қўлланманинг яратилгани Самарқанд тарихи учун ҳам муҳим манба экани таъкидлади.

Тадбир давомида университетга таклиф этилган хорижлик мутахассислар, хусусан, Жанубий Африкадан келган профессор Аннамарие Бассон, АҚШдан келган профессор Жесси Томбург, Швециядан таклиф этилган профессор Адам Камерон ҳамда Польшадан келган профессор Дорота Селвия келгусида янги лойиҳаларни амалга ошириши, кўплаб профессионал кадрлар тайёрлашини билдирди.

Тадбирда университет томонидан Алишер Навоийга бағишланган “Шоирга тож”, Мирзо Улуғбекнинг “Зижи Кўрагоний” асари инглиз, хитой, рус тилларида чоп этилган китоби ҳамда Эдвард Ртвеладзенинг “Буюк Ипак йўли” китоби ҳақида ҳам сўз юритилди.

Ҳусан Элтоев.