Самарқандда тунги ёритиш қай тарзда йўлга қўйиляпти?
Бир неча йил илгари Самарқанд шаҳрига тунги чироқлар ўрнатиш “Самарқанд нур” МЧЖ ходимлари томонидан амалга оширилар эди. Мазкур корхона Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси таркибига ўтгач, бу юмуш билан лойиҳалар тендерида ғолиб бўлган қурилиш корхоналари шуғулланмоқда.
Паст Дарғом, Оқдарё, Пахтачи, Жомбой, Тойлоқ туманларига кириш йўлларига ўрнатилган зангламайдиган металдан тайёрланган тунги ёритиш чироқ устунлари Тошкент шаҳридаги «Metal Profil» МЧЖга қарашли корхоналардан келтирилмоқда. Асосан ёритиш устунлари, йўлни ажратиб турувчи тўсиқлар, парклар ва хиёбонларга ўрнатиладиган “хай тек” декоратив чироқлари ишлаб чиқарувчи мазкур корхона ўз маҳсулотларини мамлакатимиз бўйлаб етказиб бермоқда. Шунингдек, вилоятимизнинг барча туманларида фаолият юритаётган кичик корхоналар ҳам арзон ва қулай профил металдан турли ўриндиқ, тўсиқлар ва чироқлар учун устунлар тайёрлаб маҳалла ва қишлоқларнинг ободлиги учун ҳисса қўшиб келмоқда.

Шаҳарнинг қадимий осори-атиқалари, жумладан, Регистон майдони, “Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази, Университет хиёбони каби аҳоли гавжум масканларнинг тунда ҳам жозибадор кўриниши учун тунги чироқларнинг катта аҳамияти бор.
- Бир вақтлар шаҳарнинг марказий кўчаларидагина тунги чироқлар ўрнатилган бўлса, бугунга келиб барча катта-кичик кўчаларга, аҳоли гавжум бўладиган майдонларга “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси асосида электр тежамкор чироқлар ва прожекторлар ўрнатилди, -дейди Самарқанд шаҳар ҳокими ўринбосари Юнус Бобоназаров. - Амалга оширилган лойиҳа доирасида 100 мингдан ортиқ аҳолининг тунги пайтда кўчада бемалол ҳаракатланиши учун ёруғ, хавфсиз макон яратилди. Шунингдек, айрим ҳудудларда ўрнатилган қуёш панелли кўча чироқлари орқали электр сарфи тежалиб, иқтисодий самарадорликка эришилмоқда.
Вилоятимизда 10 га яқин кичик корхона томонидан чироқлар учун замонавий устун ва панжаралар тайёрланмоқда. Жумладан, “Меъмор Алишер Кумушкент” МЧЖ корхонасида ҳам худди шундай маҳсулотлар тайёрланади.

- Илгари оддийгина ўриндиқ ёки тўсиқларни тайёрловчи корхона бўлмаганлиги учун уларни Самарқанд ёки Тошкент шаҳридан олиб келишга мажбур бўлардик, - дейди “Меъмор Алишер Кумушкент” МЧЖ бош муҳандиси Акмал Хўжамқулов. – Эндиликда корхонамиз қошида цех ташкил этиб, турли шакллардаги чироқ устунлари, панжара ва тўсиқларни тайёрлаяпмиз. Айни вақтда Булунғур туманини кесиб ўтган Булунғур канали ёқасида 3,5 километр вело ва пиёда йўлаклари қуряпмиз. Ҳозиргача ишчиларимиз томонидан 2 километр масофа бетонлаштирилди. Цехимизда 35 та замонавий ўриндиқ, 50 та 3 метрлик чироқ устунлари ва панжараларни тайёрлаб қўйдик.
Электр энергиясини тежаш мақсадида жойларда қуёш панелли кўча ёритиш чироқлари ўрнатиш ҳам йўлга қўйилмоқда. Уларни айниқса, Самарқанд шаҳри кўчаларида, тармоқ тортиш мураккаб бўлган ҳудудларда ва М-39 автомагистраль йўлларида ҳам кўплаб учратиш мумкин. Айрим маҳалла ва қишлоқларда қурилган пиёдалар йўлакларига ўрнатилаётган тунги ёритиш чироқлари учун электр энергияси сарфланмайди. Яъни, ёритиш чироқлари қуёшдан қувват олади. Бу ускунанинг кундузи фотовольтаик панеллари ёруғлик энергиясини олади ва қайта қувватланадиган батареяни заряд қилиш учун электр энергиясини узатади. Кечаси, аккумулятор батареяси қуёш нурли заряд бошқарувчиси назорати остида LED ёритгичига электр энергиясини етказиб беради. Натижада электр энергияни тежашга эришилади.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.