Ироқ тадбиркорлари Ўзбекистон маҳсулотларига катта қизиқиш билдирмоқда

Вилоят ҳокимлигида вилоят ҳокими Адиз Бобоев Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлиб турган Ироқ Иқтисодий кенгаши раиси Иброҳим Мадлул Увайд Маъсудий бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.

Қарийб 40 миллион аҳолига эга бўлган Ироқ давлати деярли барча турдаги тайёр маҳсулотлари, озиқ-овқат, мураккаб қурилиш материалларигача бўлган товарларни импорт ҳисобидан қоплайди. Бу эса мазкур бозорда Ўзбекистон маҳсулотларининг муносиб ўрин эгаллашига имкон яратади.

Учрашувда Ироқ томони қадимий Самарқандга катта қизиқиш билдириб, унинг бой тарихи ва маданий мероси ҳақида кўп ўқиганини таъкидлади. Меҳмонлар асрлар давомида цивилизациялар ўртасида кўприк бўлиб хизмат қилган ушбу шаҳарда бўлишдан мамнун эканликларини билдирди.

Томонлар саноат ишлаб чиқариш, озиқ-овқат ва фармацевтика соҳалари, қишлоқ хўжалиги, энергетика ҳамда туризм йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.
Экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмларини ошириш ва етказиб берилаётган маҳсулотлар турини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Ироқ халқларини ўхшаш анъаналар, маънавий қадриятлар ҳамда тарихий яқинлик бирлаштириб туриши қайд этилиб, бу узоқ муддатли шериклик муносабатларини ривожлантириш учун мустаҳкам замин экани таъкидланди.

Ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида Ироқдан 150 га яқин тадбиркор иштирокида бизнес-форум ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, меҳмонлар учун вилоятнинг етакчи саноат корхоналари ҳамда Самарқанднинг тарихий-маданий обидалари бўйлаб саёҳат ташкил этилади.