Самарқанддаги Махсум бобо мақбараси ҳақида биласизми?
Самарқанд — асрлар садоси жонланиб турадиган, ҳар бир тоши тарих сўзлайдиган муқаддас шаҳар. Ана шу шаҳарнинг тарихий марказида, қадимий Афрасиёб ёдгорлигининг жанубий чегарасида жойлашган Махсум бобо мақбараси бугун ҳам юзлаб зиёратчиларни ўзига жалб этмоқда.
Бу маскан халқ орасида оддий меъморий ёдгорлик эмас, балки умид, ишонч ва маънавий покланиш рамзи сифатида эъзозланади.
Махсум бобо мақбараси Ҳазрати Хизр масжиди яқинида жойлашган бўлиб, шаҳарнинг энг қадимий қабристонларидан бирида қад ростлаган. Манбаларда қайд этилишича, Авлиё Махсум бобо XVIII асрда Фарғона водийсида туғилган ва 97 йил умр кўрган.
Ҳаётининг асосий қисмини Самарқандда ўтказиб, Ҳазрати Хизр масжиди атрофида яшаган. Халқ уни дуолари шифо, сўзлари таскин бўлган табаррук зот сифатида ҳурмат қилган. Дарди борлар унга умид билан келган, кўнгли яраланганлар руҳий таскин топган.
Авлиё Махсум бобо умрининг асосий қисмини Самарқандда ўтказган ва вафот этгач, васиятига кўра, жасади шу заминга — ҳозирги мақбара жойлашган ҳудудга дафн этилган. Кейинчалик XIX асрда унинг қабри устига мақбара бунёд этилиб, бу жой зиёратгоҳга айлантирилган.
Мақбаранинг меъморий кўриниши ҳам ўзига хос. Ҳеч қандай дабдабасиз, содда ва ихчам шаклда барпо этилган бу иншоот сокин муҳити билан инсонни ўйга толдиради. Қадимий ғиштлардан қурилган деворлар, оқ рангли ички равоқлар ва сағана устига ёпилган яшил мато бу жойдаги маънавий муҳитни янада чуқур ҳис этишга ундайди. Қуръон оятлари битилган ёзувлар эса қалбни хотиржамликка чорлайди.
Махсум бобо мақбараси Самарқанднинг бошқа тарихий, меъморий ва диний обидалари билан бир қаторда “Самарқанд — маданиятлар чорраҳаси” номи остида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Бу эътироф эса ушбу муқаддас масканнинг нафақат маҳаллий, балки жаҳон миқёсидаги аҳамиятини яна бир бор тасдиқлайди.
Мақбара шунчаки тарихий иншоот эмас, балки асрлар давомида халқ эътиқоди, маънавий поклик ва руҳий сокинлик манбаи бўлиб келаётган муқаддас даргоҳдир. Бу ерга қадам қўйган ҳар бир инсон қалбида ўтмишга ҳурмат, келажакка ишонч уйғонади.
Мухлиса Мисирова,
СамДЧТ талабаси.