Эл эъзозидаги оқсоқол

Сайдулла Бойзоқовни яхши танийман. Иш юзасидан кўп суҳбатлашганмиз. Вазифаси хоҳ кичик, хоҳ катта бўлмасин, ҳар қандай ишга масъулият билан ёндашиб, эл меҳрини қозониб келмоқда.

Биргина мисол, “Маҳалла” жамғармаси Пайариқ туман бўлими раиси вазифасида ишлаган чоғларида тумандаги маҳаллалар ўзининг ижобий жиҳатлари билан вилоятда биринчи ўринга чиқди. Сайдулла аканинг бевосита ташаббуси билан 65 та маҳалла мебель ҳамда компьютер жамланмалари билан таъминланиб, бошқа туманларга ўрнак бўлди.

С.Бойзоқов узоқ йиллар туманда масъул лавозимларда самарали меҳнат қилди. Ҳозир эса “Нуроний” жамғармаси туман бўлимини бошқаряпти.

Сайдулла Бойзоқов мактабда ўқиб юрган чоғларидаёқ тенгдошларидан ажралиб турарди. Дастлаб Самарқанд гидромелиорация техникумида ўқиди, кейинчалик Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтида таҳсил олди. Иш фаолиятини Пайариқ туманидаги сув хўжалиги идорасига қарашли Беклар сув назорати бўлимида назоратчиликдан бошлади. Ўша пайтларда сув жуда танқис, ишни тартибли йўлга қўйиш мураккаб эди. Шунинг учун туну кун ишлашга тўғри келди. Унинг меҳнатсеварлиги, ҳар бир ишга виждонан ёндашаётганлигини кўрган раҳбарият 1960 йилда тумандаги хўжаликларнинг бирига гидротехник қилиб ишга жўнатди. Кўп ўтмай, тумандаги хўжаликлараро қурилиш корхонасига бўлим бошлиғи этиб тайинлашди. Орадан икки йил ўтиб, шу корхона раҳбари бўлди.

С.Бойзоқов меҳнат фаолияти давомида тумандаги бир қатор хўжаликларга, туман, вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаларига раҳбарлик қилган йилларида ҳам, аввало, билдирилган ишончни оқлашга, зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга интилди.

1989 йилдан бошлаб олти йил давомида Пайариқ туманини бошқарган пайтларида эса бой тажрибаси, раҳбарлик салоҳиятини ишга солиб, туман иқтисодиётини мустаҳкамлаш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратишга ҳаракат қилди. 1990-1997 йилларда Олий Мажлис депутати бўлган чоғларида ҳам ҳудудда кўплаб ижтимоий соҳа объектлари бунёд этилди. Янги қишлоқлар ташкил бўлди, йўл ва бошқа коммуникация тизимлари қурилди.

Сайдулла аканинг меҳнати бесамар кетгани йўқ. У давлатимизнинг юксак мукофотлари, “Фидокорона хизматлари учун”, “Халқлар дўстлиги” каби орден ва медаллар билан тақдирланган.

Оиласи ҳам ибрат олса арзигулик. Турмуш ўртоғи Саодат она билан етти ўғил, бир қизни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказдилар. Улар бугун республикамизнинг турли жабҳаларида самарали меҳнат қилмоқдалар.

Сайдулла аканинг ҳаёти ҳақида кўп ёзиш мумкин. У киши босиб ўтган йўл ҳар биримиз учун ибрат намунаси бўла олади.

Ҳусниддин Холдоров.