Зукко олим, моҳир педагог ва тажрибали услубчи

 - Ватанимизнинг эртанги куни ўқиш-ўрганишдан, билмаганини сўрашдан тортинмайдиган илмли ва маърифатли, малакали, зукко ва замонавий илмни эгаллаган ёш мутахассисларга боғлиқ, - дейди ўзининг 60-баҳорини қаршилаётган Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг ўқув услубий бошқармаси бошлиғи, доцент Раҳматулло Рўзиқулов.

Мамлакатимиз ветеринария ва чорвачилигини ривожлантириш, бу соҳаларга малакали мутахассис кадрларни тайёрлашда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган моҳир педагог, жонкуяр олим Р.Рўзиқулов 1984 йилдан буён ёшларга таълим-тарбия бериб келмоқда.

Раҳматулло Рўзиқулов 1961 йил 15 майда Пайариқ туманининг Каттатурк қишлоғида туғилган. Илк таълимни тумандаги 8-ўрта мактабда олиб, Самарқанд қишлоқ хўжалик институтининг ветеринария факультетига ўқишга кирган. Дипломни олгач, Давлат аттестацияси комиссияси тавсиясига кўра, Ветеринария илмий-тадқиқот институтига ишга юборилади.

Раҳматулло Файзуллаевичнинг асосий иш фаолияти Самарқанд қишлоқ хўжалик (ҳозирги СамВМИ) институти билан бевосита боғлиқ. У 1984 йил ҳарбий хизматдан қайтиб, институтнинг “Ҳайвонлар  физиологияси, биокимёси ва патологик физиология” кафедрасида  врач-ординатор, ассистент, катта ўқитувчи бўлиб ишлади.

Тажрибали педагог қатор йиллардан буён ветеринария ва зооинженерия факультети талабари учун «Ҳайвонлар физиологияси» ва «Ҳайвонлар патофизиологияси» фанларидан маъруза ва амалий-лаборатория дарсларини юқори даражада, замонавий педагогик ва ахборот технологиялардан фойдаланган ҳолда ўтиб, ўқув жараёнини мунтазам равишда такомиллаштириб бориш билан бирга уларда чуқур малака ва касбий кўникмаларни шакллантириб келмоқда.

Раҳматулло Файзуллаевич узоқ йиллар давомида ветеринария факультети декани муовини бўлган бўлса, 2012 йилдан буён институтнинг ўқув-услубий бошқарма бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатиб келмоқда.

У ўзининг педагогик фаолияти билан бирга мустақил илмий-тадқиқот фаолиятини ҳам мунтазам давом эттириб, 2010 йилда “Қишлоқ хўжалик ҳайвонларининг антиинфекцион резистентлигини ёш, зот ва конституцияга оид хусусиятларини ўрганиш” мавзусидаги номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб, ветеринария фанлари номзоди илмий даражасига, 2014 йилда доцент илмий унвонига эга бўлди. Ҳозир “Иммунологик резонанс феноменининг ҳайвонлар ва паррандаларда шартли патоген бактериялар қўзғатадиган инфекциялар иммунопрофилактикасидаги самарадорлиги” мавзусидаги докторлик диссертацияси бўйича илмий тадқиқот олиб бормоқда. 130 дан ортиқ илмий мақолалари Россия, Чехия, Беларусь, Корея, Индонезия каби мамлакатлар ва республикамизнинг нуфузли журналлари ҳамда илмий-амалий конференциялар тўпламларида чоп қилинган.

Р.Рўзиқулов ветеринария ва чорвачилик соҳаларининг муҳим ва долзарб масалаларини мустақил тадқиқ қилишга лаёқатли олим ҳамда тажрибали услубчи сифатида танилган. У 100 дан ортиқ ўқув-услубий ва илмий-тадқиқот ишлари муаллифи бўлиб, бугун бу услубий қўлланмалардан талабалар ўқув жараёнида кенг фойдаланмоқда.

Раҳматулла домла ўзининг “Ҳайвонлар физиологияси фанидан амалий-лаборатория машғулотлари” ўқув қўлланмаси билан “Истеъдод” жамғармаси томонидан ташкил этилган “Йилнинг энг яхши дарслиги ва ўқув адабиёти муаллифи - 2013” республика танловида иштирок этиб, учинчи ўринни эгаллаган. 2016 йилда эса “Олий таълим муассасасининг энг яхши педагоги” умумреспублика танловида “Мутахассислиги бўйича энг яхши педагог” сифатида  ғолиб бўлган. Шунингдек, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан 2018 йилда ўтказилган “Олтин тулпор” танловида қатнашиб, “Ветеринария соҳасининг ривожига қўшган илмий ҳиссаси учун” номинацияси бўйича биринчи ўринга сазовор бўлган.

Раҳматулло Файзуллаевич 4 та халқаро лойиҳа (“TEMPUS” дастури бўйича “Uzhelth”, “ERASMUS+” дастури бўйича “Akademika”, “Iqat”  ва “Buz-net”)нинг фаол иштирокчиси ва халқаро сертификатлар муаллифидир. У 2013 йилдан буён Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими йўналишлари бўйича ўқув услубий бирлашмалар фаолиятини Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг “Ветеринария медицинаси ва чорвачилик” ўқув услубий бирлашмаси котиби ва эксперти вазифаларини бажариб келмоқда.

Талабаларнинг севимли домласи моҳир педагог, олим, услубчи, раҳбар бўлиш билан бирга меҳрибон оила бошлиғи, 3 фарзанднинг отаси ва набираларнинг бобоси ҳамдир.

Биз Раҳматулло Рўзиқуловни муборак 60 ёши билан самимий муборакбод этган ҳолда фарзандларининг камоли ва иқболини кўриб, шўх ва ширин неваралари қуршовида соғ-саломат юришига, илм-маърифат йўлидаги эзгу ишларига муваффақият тилаймиз.

Асадулло Даминов,

Абдуғани Элмуродов,

 СамВМИ проректорлари.