Ҳамшира, ўқитувчи ва олим-агроном

Касб жиҳатидан бир-биридан узоқ бўлган бу соҳаларда ишлаш, ишлаганда ҳам баракали  фаолият юритиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди. Аммо қаҳрамонимиз - Зайнаб Ҳайдарова бу ишни кифтини келтириб, адо этганлардан.

Қандай қилиб, дейсизми? Унда эшитинг!

Зайнаб Ҳайдарова 1951 йил 1 августда Нарпай туманида туғилди. Билимга чанқоқ қизалоқ ўрта мактабда ўқиб юрганидаёқ бошқа синфдошларидан фарқли ўлароқ, оқ халатлиларни кўрса, қочмади, уларга ҳаваси ортди. Ҳамшира бўлишни олдига мақсад қилди.

Бошланғич синф ўқитувчиси, "Муаллима ая"га эргашиб, муаллима бўлишни ҳам дилига тугиб қўйди. Юқори синфга ўтганида ая каби айрим бошланғич синфлар ўқувчиларига дарс ҳам берди.

Ота-онаси дала одамлари эмасми, дарсдан кейин кечгача ғўза оралади: ёзда чопиқ қилиб, кузда пахта териб далага меҳри тушди. "Катта бўлсам агроном бўламан", деб

ўз-ўзига сўз берди.

Мактабни тугатаётган чоғи бу мақсадларини ота-онасига айтишдан тортинмади. Улар "Илоҳим, ниятингга ет, фақат бунинг учун ўқишдан, изланишдан толма!" дея дуо қилишди.

Ғайратли қиз эзгу мақсади йўлида дадил ҳаракат қилди. 1970 йилда Каттақўрғон тиббиёт техникумига ўқишга кирди. Қўлига ҳужжатни олгач, бир муддат ҳамшира бўлиб ишлади. Сўнг Самарқанд давлат педагогика институтига ўқишга кирди. Билимга чанқоқ Зайнабга институтда аспирантурада ўқишни таклиф қилишди. Аммо у шаҳардан кўра қишлоғи бағрига қайтишни, институтда олган билимини қишлоқдошларига ўргатишни маъқул кўрди.

Мактабда ўқитувчилик қилгач, раҳбарлар унга масъулиятли бир вазифани топширишди. Бу - тумандаги 5-сонли болалар боғчаси мудиралиги эди. Болажонлар, қолаверса тарбиячилар билан қандай ишлаш борасида ўзига яраша тажриба орттирган Зайнаб опа ушбу боғчада 10 йил мудиралик қилди. Меҳрибонлиги, болажон фазилати билан элда обрў-эътибор қозонди.

Ерга, далага меҳри ўзгача эмасми, дилига туккан учинчи мақсадини ҳам амалга ошириш учун астойдил ҳаракат қилди. Бунинг учун далага отланди. 1984 йилнинг кузидан тумандаги "Зарафшон" жамоа хўжалигида иш бошлади. Кўп ўтмай бригадир бўлди. Эркаклар билан теппа-тенг меҳнат қилди.

"Билим олиш ҳеч қачон зиён қилмайди". Зайнаб опа устозларининг бу гапини ҳеч ёдидан чиқармасди. Шунинг учун 1991 йилда Самарқанд қишлоқ хўжалик институтига ҳужжат топширди ва ўқишга кирди.

Диплом олган вақтида мамлакатимизга янги тизим - фермерлик ҳаракати кириб келган эди. Зайнаб опа фермер бўлишга шошилмади. Аввал бу тизимнинг миридан сиригача ўрганди, замонавий қишлоқ хўжалигига оид адабиётларни ўқиди. Агрономлик қилиб ўз устида изланди, пахта етиштиришнинг айрим янги технологиялари бўйича изланишлар олиб борди.

2004 йилга келиб Зайнаб опа 2004 йилда «Меҳнат-роҳат» фермер хўжалигини ташкил этди.

- Қирқ йилдан буён қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаман, - дейди опанинг ўзи. - 100 гектар майдонда фермер хўжалиги ташкил этиб, пахта, ғалла ва сабзавот маҳсулотлари етиштиряпмиз. Шу билан бирга чорвачиликни ҳам йўлга қўйдик. Ҳар йили пахтанинг гектаридан 40-42 центнер, ғалладан 70 центнер ҳосил оляпмиз. Айни кунларда сувни, минерал ўғитни тежаш ва ҳосилдорликни кўпайтириш учун далаларни томчилатиб суғоришни жорий қиляпмиз. Шу билан бирга хўжалигимизда 60 бош зотдор қорамол боқилмоқда, ҳар йили 100 тоннадан зиёд сут соғиб оляпмиз, 4-4,5 тонна гўшт етиштиряпмиз.

Шу ва юқоридаги хизматлари учун Зайнаб опа 1998 йилда "Меҳнат шуҳрати”, 2014 йилда "Дўстлик” орденлари билан, 2017 йилда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган пахтакор» увони билан тақдирланди.

Дарвоқе, халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутати сифатида беш йил давомида аҳолининг минглаб муаммоларини ҳал қилди.

Бугун Зайнаб опа 70 ёшини қаршилади. Опага ҳамшира сифатида назардан, ўқитувчи сифатида эътибордан, олим-агроном сифатида эътирофдан қолманг, дея ният билдирамиз.