Иқтидорли ўқувчилар учун ажойиб имконият

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети академик лицейида мактабнинг 9-синф битирувчилари учун “Очиқ эшиклар куни” ҳамда “СамДУ олимпиадаси” ўтказилди.

Академик лицей 500 дан ортиқ ўқувчилар учун мўлжалланган бўлиб, унда барча фан ва спорт тўгараклари ташкил қилинган. 2023 йилда битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи 90 фоизга етган. Шу сабабли академик лицей иқтидорли ўқувчиларни саралаб олиш мақсадида умумтаълим мактабларнинг 9-синф ўқувчилари ўртасида 5 та фандан “СамДУ олимпиадаси” ўтказди. Олимпиада математика, биология, физика, инглиз тили ҳамда кимё фанларидан бўлиб ўтди.

Тадбирда 100 га яқин мактабдан 1500 нафар ўқувчи иштирок этди.

- Ҳозирги кунда чет тилларини билиш давр талабига айланди, десам муболаға бўлмайди, - деди хорижий тиллар кафедраси мудири Насиба Буранова. - Шу сабабли ўқувчиларнинг билим салоҳиятини текшириш ҳамда иқтидорли ўқувчиларни жалб қилиш мақсадида тадбир ташкил этдик. 

Мусобақа иштирокчилари ўз билимларни синаб, янги кўникма ва дўстларга эга бўлди. Олимпиадада йигирма нафар 9-синф ўқувчиси ғолиб деб топилди. Уларга махсус сертификат ҳамда эсдалик совғалари тақдим этилди. Бундай мусобақалар ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётгани катта ҳаётга қадам ташлаётган битирувчилар учун ажойиб имкониятлар эшигини очиб беради.

Ҳилола ЎСАРОВА.