Ваткан-Қўзибекдаги қурилишлар “Обод қишлоқ” дастури асосида қилинганмиди?
Давлат кадастр агентлиги вилоят бошқармаси фуқаролик ишлари бўйича Ургут тумани судига Ваткан-Қўзибек маҳалласидаги ноқонуний қурилмаларни бузиш ва ер майдонини давлатга қайтариш юзасидан мурожаат қилди.
Даъво аризасига илова қилинган маълумот ва ҳужжатларда Ваткан-Қўзибек маҳалласида истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролар ҳудуддаги ерни қонунга хилоф тарзда эгаллаб олиб, савдо дўконлари қурганлиги кўрсатилган. Лекин суд мажлисида сўроқ қилинган жавобгарлар қурилишни ўзбошимчалик билан эмас, аксинча “Обод қишлоқ” дастур асосида, ваколатли идораларнинг оғзаки топшириғи билан амалга оширганини маълум қилиб, айбни тан олмади.
Буни қарангки, суриштирув ишлари бошлангач, туман масъулларининг ҳам фикри ўзгариб қолди. Хусусан, суд мажлисининг якунида туман қурилиш бўлими бошлиғи судга хат билан мурожаат қилиб, қайта ўрганиш ўтказилганлиги, жараёнда мазкур бинолар “Обод қишлоқ” дастурига мувофиқлиги аниқланганлигини маълум қилди. Аммо қонун олдида барча баробар. Туман қурилиш бўлими бош архитекторининг хати ноқонуний қурилмаларни қонуний дейиш учун асос бўлмайди. Шу боис суд даъвогарнинг талабини асосли деб топди, яъни жавобгарлар ҳеч қандай ҳужжатга эга бўлмай туриб қурган савдо дўконларини бузадиган бўлишди.
Ачинарлиси шуки, масъулларнинг оғзаки топшириғи, ваъдаларига ишонган айрим фуқаролар сарф-харажатлар учун шахсий автомашинасини сотганлиги, бошқалари қарз олганлигини тан олди. Лекин уларни ишонтирган ваколатли идоралар иш судга ошганда кўриниш бермади.
Савол туғилади: агар қурилиш ноқонуний бўлса, нега масъуллар уни бошиданоқ тўхтатмади? Модомики, иншоотлар “Обод қишлоқ” дастури асосида қурилган экан, нега иш судга ошди ва нега унда ҳеч бир ташкилот фуқароларнинг манфаатини, ҳуқуқини ҳимоя қилиб чиқмади? Бу каби ҳолатлар халқнинг ҳукуматга, адолатга ишончи йўқолишига сабаб бўлмайдими?
Ф.Мухторов,
фуқаролик ишлари бўйича Ургут тумани суди судьяси.