Бир хил меҳнат, бир хил машаққат, аммо икки хил тўлов...
Ўзбек тили фанидан дарс берувчи педагоглар янги йилни кўнгилсиз бошлади. Сабаби, 2025 йилнинг 1 январидан бошлаб умумтаълим мактабларида миллий сертификатга эга бўлган ўзбек тили ўқитувчиларига маошининг 50 фоизи миқдорида ойлик устама ҳақ тўланиши керак эди. Бу ҳақда Республика Президенти Ўзбек тили байрами муносабати билан йўллаган байрам табригида маълум қилганди.
Аммо Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 2025 йил 1 январдан бошлаб она тили ва тарих фани ўқитувчиларига миллий сертификат учун 50 фоиз устама тўлаш тўғрисида 2024 йил 19 декабрь куни ҳудудий мактабгача ва мактаб таълим бўлимларига кўрсатма хат юборган. Шундан сўнг ўзбек тили ўқитувчилари бундай тақсимотни адолатсиз деб топиб, вазирлик ва бошқа ташкилотларга ўз норозилигини билдирган. Ҳатто баъзи блогерлар ҳам она тили ва ўзбек тилининг фарқи нимадалигини сўраб, ўз каналларига постлар қўйди.
Аслида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармони 12-бандига кўра, 2025 йил 1 январдан бошлаб Билим ва малакани баҳолаш агентлиги томонидан берилган миллий сертификатга эга она тили ва адабиёт ҳамда тарих фани ўқитувчиларига 50 фоиз миқдорида устама тўланиши белгиланган. Фармон матнига негадир ўзбек тили киритилмаган.
Аммо Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2024 йил 29 майдаги “Хорижий тиллар ва умумтаълим фанларини билиш даражасини белгиловчи миллий ва халқаро тан олинган сертификатлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида ўзбек тили ва адабиёт фанидан олган сертификат она тили ва адабиёти ҳамда ўзбек тили (давлат тили) фанидан дарс берувчи педагоглар учун бир хил амал қилиши белгиланган. Оддий тушунтирадиган бўлсак, ўзбек синфларига она тили ва адабиёт фанидан дарс берадиган ўқитувчилар, рус ва қардош тилли синфларга ўзбек тилидан дарс берадиган ўқитувчилар миллий сертификат учун бир хил имтиҳон топширган. Имтиҳондан ўтганларга миллий сертификат берилган.
Ўзбек тили фани ўқитувчилари бизнинг сайтимизга ҳам шу масалада мурожаат йўллади. Хатда қуйидагича жумлалар бор:
"Ўзбек тили ўқитувчилари ҳам она тили ўқитувчилари сингари тўлов қилди, улар билан бир хил тест топширди. Ҳатто ўзбек тили фани ўқитувчилари учун бироз мураккаб бўлган мумтоз адабиётга доир тестларни ҳам ишлади. Ваҳоланки, тест топширишга кирган она тили фани ўқитувчиларининг кўпчилиги етарли балл тўплай олмаса-да, ўзбек тили фани ўқитувчилари ўз устида ишлаб, оиласидан, фарзандларидан вақт ажратиб, сертификат олиш учун ҳаракат қилди ва мақсадларига қийинчилик билан эришди.
Шунингдек, ўқитувчилар ўзбек тили фанидан ҳам Миллий сертификат жорий этилишини сўраб, бир неча бор вазирликка, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигига мурожаат билан чиқишди. Лекин мутасаддилар бу мурожаатни беэътибор қолдириб, она тили фани бўйича жорий этилган миллий сертификат имтиҳонларидан Раш модели асосида олинган сертификатлар ҳам худди она тили фани ўқитувчиларига қандай амал қилса, ўзбек тили фани ўқитувчиларига ҳам бир хил амал қилиниши ҳақида 2024 йил 29 майда чиқарган қарор асосида белгилаб беришди. Бугунга келиб эса ўзбек тили фани ўқитувчиларига уларнинг сертификатига 34-сонли қарор асосида 20 фоиз, она тили фани ўқитувчилари худди шу сертификатга 50 фоиз миқдорда устама ҳақи тўланиши ҳақида айтилмоқда.
Ўзбек синфларда рус тили фанидан дарс ўтадиган С сертификатига эга бўлган ўқитувчиларга, рус синфларида рус тили фанини ўтадиган ва сертификатга эга бўлган ўқитувчиларга ҳамда она тили фанидан сертификат олган ўқитувчиларига 50 фоиз устама тўланади-ю, худди шу сертификатга эга бўлган ўзбек тили фани ўқитувчиларга эса 20 фоиз устама тўланар экан. Ҳақиқат қани? Сабаб нима, бир хил меҳнат, бир хил машаққат бўлса-ю, икки хил тўлов берилса?
Зеро, ўзбек тили фани ўқитувчилари дарс бериш жараёнида қиёсий грамматикага асосланади. Бу фан ўзбек тили ўқитувчиларидан ҳам ўзбек тили, ҳам рус тили грамматикасини пухта ўзлаштиришни талаб қилади. Русий забон ўқувчиларга ўзбек тили фани грамматикаси, ўзбек тилида тўғри мулоқот қилишни ўргатиш, сўз бойлигини ошириш анча мураккаб жараён. Шунинг учун нега ўзбек тили фани ўқитувчиларининг меҳнатлари она тили, рус тили фани ўқитувчилари каби муносиб баҳоланмаяпти? Она тили, рус тили фани ўқитувчилари оладиган 50 фоиз устамага улар ҳам ҳақли, шулар каби ўзбек тили фани ўқитувчилари ҳам муносиб рағбатлантирилиши керак", дейилади хатда.
***
P/S: Хўш, она тили билан ўзбек тилидан миллий сертификат учун бир хил тест олинса, ўқитувчиларга бир хил саволлар берилса, нега энди уларга икки хил устама бериляпти? Ҳақиқатда ҳам ўзбек синфларга она тили грамматикасини ўқитишдан кўра, рус ва қардош тилларга ўзбек тили грамматикасини ўргатиш қийин-ку. Қолаверса, миллий сертификатни ҳам ҳамма ўқитувчи ололмайди. Биз педагогларни сертификатига қараб рағбатлантиришни йўлга қўяётган бўлсак, бирини иккинчисидан ажратмаслигимиз керак эмасми? Назаримизда ўзга тилли синфларга давлат тилини ўргатаётган ўқитувчилар ҳам 50 фоизли устамага муносиб.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бу масалани яна чуқур ўрганиб чиқиб, адолатли ечим топади, деган умиддамиз. Аслида ҳам бир хил меҳнатга икки хил ҳақ тўланмайди.
Х.Эрназарова тайёрлади.