Иштихонда 7 та мактаб қўшимча бинолари ишга тушди
Айрим мактабларда ўқувчилар кўплиги сабабли дарслар икки навбатда ташкил этилади. Қўшимча тўгараклар учун ҳам шароитлар етарлимас. Ана шундай ноқулайликларни бартараф этиш мақсадида, барча шаҳар ва туманларда таълим муассасалари учун қўшимча бинолар қуриляпти.
Жумладан, Иштихон туманида Инвестиция дастури асосида 6 та мактаб учун жами 2010 ўринли қўшимча бинолар қурилди ва яна бир мактабнинг 550 ўринли биноси мукаммал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.
- Бу қурилиш бунёдкорлик ишлари учун 20 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди, - дейди туман ҳокими Фазлиддин Рўзиев. – Натижада 7 та маҳалла болалари учун қулайликлар яратилди. Минглар маҳалласидаги 55-мактабда шу пайтга қадар дарслар тўлиқ икки навбатда олиб борилган бўлиб, синфхоналар етишмаган. Энди мактаб учун 180 ўринли қўшимча бино қурилиб, 2 коэффициентдан 1 коэффициентга туширилди. Қурилиш ишлари учун 1 миллиард 577 миллион сўм сарфланди.
Шунигдек, тумандаги 10-, 16-,19-, 35- ва 33-мактабларда қўшимча бинолар қурилган бўлса, 6-мактаб биноси мукаммал таъмирланди. Бу ўқувчиларнинг эмин-эркин сифатли таълим олиши учун имкониятдир.
Иштихон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати