Пора

Якшанба куни Олим терговчининг дарвозаси тақиллади. Дарвоза эшигини очган ўғлининг қўлига ўрта ёш киши конверт тутқазиб кетди.

Олим терговчи ўғли олиб келган конвертни очиб, ичидаги долларларни кўрди-ю «Яна келишибди-да», дея хаёлидан ўтказди.

У туман автойўл бошлиғининг ўғли "иши" бўйича тергов қилаётганди. 21 яшар йигит машинани катта тезликда ҳайдаб, 6 нафар ўқувчини уриб юборган. Улардан биттаси ҳалок бўлган, 5 нафари шифохонада эди. Шунинг учун бу ишни силлиққина қилиб, ёпиш эвазига автойўл бошлиғи каттагина пул таклиф қилаётганди. Бир неча марта ишхонасига ҳам борди, аммо Олим жеркиб қайтариб юборганди. Бу гал уйига ташлаб кетишди, мана.

Терговчи конвертни уйдаги шкаф тортмасига солди. Кроватига ўтириб, ўйлади. Машина оламан деб анчадан бери пул йиғиб юрганди, бироқ ҳеч кўзлаганига етмаяпти. Балки пулни олса, етмай турган ками тўлиб, машинали бўлармиди?..

Пулнинг юзи иссиқ эмасми, ички бир овоз уларни олишга ундарди, иккинчи бир овоз эса отасининг насиҳатини эсига соларди: «Ҳаром луқма емагин болам, акс ҳолда болаларингга урса, кейин унинг аламига чидолмайсан».

Шу пайт ташқаридан машина тормозининг чийиллаган овози эшитилди. Олим кўчада кучукчаси билан ўйнаётган кичик ўғилчасини эслади-ю, уйдан яшин тезлигида отилиб чиқди.

Кўча юзида машина туртиб кетган кучукча жонсиз ётарди, йўл четига йиқилган ўғлининг эса оёғи шилинган экан. Қўрққанидан қочишга улгурган машинанинг рақамларини кўришга улгурмади. Олим тезда ўғлини кўтариб, уйга олиб кирди. Унинг шилинган оёғига малҳам суртаркан, ўзига ўзи деди:

- Эртага пулларни олиб бориб бераман, улар болаларимдан азиз эмас!

Феруза Раҳмонқулова.