“Гар ошиқ эсанг, зебу такаллуфни унут”

Самарқанд шаҳридаги Концерт залида Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллиги ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 537 йиллигига бағишланган назм ва наво кечаси бўлиб ўтди.

Вилоят маданият бошқармаси томонидан ташкил этилган тадбирга ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, маънавият тарғиботчилари ҳамда шеърият ва мумтоз санъат ихлосмандлари таклиф этилди.

Ижодий кечада Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими раиси Т.Тугалов ва бошқалар миллий адабиётимиз, она тилимизнинг жаҳонга танилишида Навоий ва Бобур ижодининг ҳиссаси беқиёслиги, уларнинг асарлари ёш авлодни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларимизга садоқат, катталарга ҳурмат, бахтиёр кунлар учун шукроналик руҳида тарбиялашда улкан аҳамият касб этишини таъкидлади.

– Навоийни ҳар куни ўқиш, уқиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз, – дейди вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Хўжақул Муҳаммадиев. – Инсониятни огоҳлик, ҳамжиҳатлик, комиллик, аҳиллик ва дўстлик сари ундаган даҳо шоиримизнинг ижоди барча санъаткорлар учун битмас-туганмас илҳом манбаи саналади. Заҳириддин Бобур эса шоҳ ва шоир сифатида барчага ибратдир.

Назм ва наво кечасида Навоий ва Бобур ғазаллари билан куйланувчи ашулалар, ғазаллар, байтлар янгради.