1 февралдан нималар ўзгаради?

Қонунчилик талабларига риоя этган ҳолда фаолият юритаётган тадбиркорларни аниқлаш ва қўшимча рағбатлантиришни назарда тутувчи Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги жорий этилади.

Юқори барқарорлик рейтингидаги тадбиркорлар ҳар йили 20 август – Тадбиркорлар куни арафасида тақдирлаш учун давлат мукофотлари ҳамда «Фаол тадбиркор» кўкрак нишонига тавсия этилади.

* Ўзбекистон ҳудудига олиб киришда айрим маҳсулотлардан уларнинг сифати, хавфсизлиги ҳамда сервис кафолатини таъминлайдиган ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили ёки расмий дилерлари мавжуд бўлиши талаб қилинади.

Бунда ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили ёки расмий дилерларнинг сервис хизмати мавжуд бўлиши керак.

* «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази томонидан «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг реестри юритилади. Реестрга киритилганларга ижтимоий хизмат кўрсатиш шартномаси асосида давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатилади.

Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган ичимлик ва оқова сув йўналишидаги лойиҳаларда қурилиш материаллари, ускуна ва жиҳозлар фақат маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилинади.

* Касаначилик ва ҳунармандчилик йўналишида янги иш бошлаётган хотин-қизлар учун тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, ривожлантириш, такомиллаштириш ҳамда уларга услубий ёрдам бериш мақсадида таълим ташкилотларида тажрибали касаначи ва ҳунармандларни жалб этган ҳолда касб-ҳунарга ўқитиш курслари ташкил этилади.

Хотин-қизларни касаначилик ва ҳунармандчилик йўналишларида касб-ҳунарга ўқитиш билан боғлиқ харажатлар Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.