1 мартдан бошлаб лицензия лицензияловчи орган томонидан амал қилиши чекланмаган муддатга берилади
Самарқанд вилоятида бугун турли хўжалик субъектлари томонидан 38 та божхона омборлари фаолият кўрсатмоқда. Шундан 28 таси очиқ турдаги ва 10 таси ёпиқ турдаги божхона омборлари ҳисобланади.
Мазкур божхона омборларининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Божхона омбори, эркин омбор ва бож олинмайдиган савдо дўкони фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан тасдиқланган Низом талаблари асосида иш юритишини ташкил этиш мақсадида Самарқанд вилояти божхона бошқармасида ўқув-семинари ташкил этилди.
Унда асосий эътибор божхона омборлари фаолиятига доир қонунчиликдаги янгиликлар ва уларнинг мазмун-моҳиятига қаратилди.
Семинарда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида божхона тартиб таомилларини соддалаштириш, божхона омборида божхона назорати остида сақланаётган товарлар устидан назорат қилиш ҳамда божхона омбори фаолиятини лицензиялаш билан боғлиқ амалдаги норматив ҳуқуқий ҳужжатларга бир қатор қўшимча ва ўзгартиришлар киритилганлиги хусусида маълумотлар берилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан 2018 йил 1 июлдан бошлаб божхона омборларида уч йилдан ортиқ сақланиб келинаётган мол-мулклар божхона органлари томонидан ушлаб қолинади ва улар уч ой давомида талаб қилиб олинмаган ҳолларда суд қарори асосида давлат фойдасига ундирилади. Кейинчалик белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан сотилиши ёки йўқ қилиниши белгиланган.
Шунингдек, мазкур фармонга мувофиқ:
- 2018 йил 1 июндан бошлаб бож олинмайдиган савдо дўкони, эркин омбор ва божхона омбори фаолиятини лицензиялаш марказлаштирилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси марказий аппарати томонидан амалга ошириладиган бўлди.
(Бунга қадар “божхона омбори”, “бож олинмайдиган савдо дўкони” ҳамда “эркин омбор” фаолияти билан шуғулланиш учун лицензиялар божхона органининг ҳудудий божхона бошқармалари томонидан берилар эди).
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 декабрдаги “Божхона омбори, эркин омбор ва бож олинмайдиган савдо дўкони фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори асосида 2019 йил 1 мартдан бошлаб лицензия лицензияловчи орган томонидан амал қилиши чекланмаган муддатга берилади.
(Бунга қадар “божхона омбори”, “бож олинмайдиган савдо дўкони” ҳамда “эркин омбор” фаолияти билан шуғулланиш учун лицензиялар 5 йил муддатга берилар эди).
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.