1-синфга қабул бўйича электрон платформа орқали ҳужжат топширишда муаммолар борми?
2021-2022 ўқув йилида Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги умумтаълим муассасаларига 78 064 нафар 1-синф ўқувчиси қабул қилиниши режалаштирилган.
15 июндан бошланган қабул жараёнлари “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланган талаблар бўйича ташкил этилмоқда.
Фуқароларга қулайлик яратиш ва тизимда рақамли технологиялардан унумли фойдаланиш мақсадида илк бор болаларни 1-синфга қабул қилиш бўйича my.maktab.uz электрон платформаси орқали қабул қилиш тартиби йўлга қўйилди.
Тажриба тариқасида Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоят марказларидаги шаҳарларда, жумладан, Самарқанд шаҳрида умумтаълим мактабларининг 1-синфига қабул жараёнлари мазкур электрон платформа орқали амалга оширилмоқда.
Бунинг учун, ота-оналар яшаш манзили бўйича бириктирилган микроҳудуддаги мактабга фарзандларини жойлаштириш учун my.maktab.uz сайти орқали рўйхатдан ўтишлари белгиланди. Электрон рўйхатдан ўтиш жорий йилнинг 5 июль кунига қадар давом этади.
Самарқанд шаҳрида илк бор ташкил этилаётган ушбу жараёнда ота-оналар my.maktab.uz электрон платформа орқали ҳужжат топширмоқчи бўлганда маҳалласи ёки кўчасининг номи чиқмаётганлиги бўйича мурожаатлар бўлиб турибди. Юқорида таъкидлаганимиздек, ушбу платформа тажриба тариқасида жорий этилди ва унда айрим маълумотлар қўшимча тарзда киритилишини тақозо этади. Муаммолар юзасидан Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими масъул ходими Азиз Алиев (66-235-30-62)га мурожаат қилиш мумкинлигини эслатиб ўтамиз.
Жорий йилнинг 29 июнь ҳолатига кўра мазкур электрон платформа орқали Самарқанд шаҳри бўйича 1590 та ариза қабул қилинган.
Анъанавий тарзда 1-синфга қабул давом этаётган вилоятнинг бошқа туманларида бугунги кунга қадар мактабларга 62 894 нафар бола қабул қилинди.
Ўқувчиларни мактабга қабул қилишда микроҳудудга қатъий риоя қилиш, микроҳудуддан барча мактаб ёшидаги (2014 йил январдан 2014 йил декабрга қадар туғилган) болалар қабул қилиб бўлингач, квоталар ортган тақдирда бошқа ҳудуддан болаларни қабул қилиш белгиланган.
Абутолиб Қиличев,
Самарқанд вилояти халқ
таълими бошқармаси бош мутахассиси.