100 АҚШ долларида тасвирланган Бенжамин Франклин ҳеч қачон АҚШ президенти бўлмаган

Бенжамин Франклинни ким билмайди дейсиз? Сўралганларнинг аксарияти унинг АҚШ президентларидан бири бўлганлигини айтишди. Лекин у АҚШ купюраларида тасвирланган бошқа машҳурлардан фарқли ўлароқ ҳеч қачон президент бўлмаган.

Шу билан бирга бу ғайриоддий инсон  ихтирочи, олим, почта бошқарувчиси, дипломат, журналист ва масонлар ташкилотининг аъзоси бўлган.

Унинг таржимаи ҳолидан баъзи далилларни келтирамиз: "Бенжамин 1706 йилда Бостонда кўп болали ўртаҳол оилада 15-чи фарзанд бўлиб туғилган. Бошланғич мактабнинг атиги икки синфини тугатишга муваффақ бўлган ва 10 ёшидан босмахонага ишга кирган. Дастлаб босмахона ишчисига шогирд тушиб, ўзини мақолалар муаллифи сифатида синаб кўрган.

21 ёшида у ўзининг босмахонасини ташкил қилади ва “Пенсильвания газетаси”ни нашр эта бошлайди. Ўша пайтнинг ўзида бира-тўла Европа тиллари ва лотин тилини ўргана бошлайди.

Электр энергияси ҳодисаси (кириб келиши)га қизиқиб қолганлиги сабабли уни ўргана бошлайди ва бир неча ихтиро қилади, уларнинг аксарияти ҳали ҳам қўлланилиб келинмоқда. Бу – яшинқайтаргич, линзалари иккита зонани ажратадиган бифокал кўзойнак ва электр токи ҳимоячиси.

Ихтирочи сифатида у биз ҳар куни фойдаланиб келадиган тебранма курси ва кичик ўлчамдаги иситиш печкасини яратган ва истеъмолга киритган. Атлантик оқимни белгилайдиган Гольфстрим картаси ва унинг номи ҳам унинг ҳисобида.

1729 йилда Франклин “Қоғоз пулларининг табиати ва зарурлигини камтарона ўрганиш” мақоласини нашр этади. Ҳисоб-китобларга асосланиб, Франклин металл пуллардан воз кечиб, қоғоз пуллардан фойдаланишни таклиф қилади.

1731 йилда Янги дунё (Америка)да биринчи бўлиб Филадельфия жамоат кутубхонасини ташкил этади. 1740 йилда – Пенсильвания университетининг асосий негизига айланган, ҳозир Америкадаги энг қадимий ва энг обрўли муассасалардан бири саналадиган Филадельфия академиясини яратади.

Лондон ва Парижда дипломатик фаолияти орқали машҳур бўлиб, Америка Қўшма Штатларининг халқаро мавқеини мустаҳкамлашда ҳисса қўшган.

1787 йилдаги АҚШ конституцияси муаллифларидан бири ҳисобланади.

 “Вақт - бу пул”, “Бугунги ишни эртага қолдирма” каби бир қатор машҳур афоризмлар унинг қаламига мансуб.

Франклин 1790 йилнинг апрелида 84 ёшида вафот этади. Ўша пайтдаги Филадельфия аҳолисининг сони ўттиз минг бўлган бир пайтда унинг дафн маросимига икки юз мингдан ортиқ одам қатнашган.

Унинг қабр тошида шундай сўзлар ёзилган: “У осмондан яшинни, золимлардан эса салтанат ҳассасини олиб қўйди”.

Интернет материаллари асосида Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.