11 ноябрь санаси ишланмайдиган байрам кунлари қаторига киритилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияcи йиғилишида “Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 208-моддасига қўшимча ва ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамаси  бўлиб ўтди.

Таъкидланишича мамлакатимиз касаба уюшмалари ўз сафларида 5,5 миллиондан зиёд ходимларни бирлаштирган энг йирик жамоат ташкилоти ҳисобланади. Унинг аъзолари сони доимий тарзда кўпайиб бормоқда. Шу боис, ҳар йили 11 ноябрь ‒ Ўзбекистон касаба уюшмалари куни республикамизнинг барча ишчи-ходимлари томонидан муҳим сана сифатида кенг нишонланади.

Лекин амалдаги қонунларда 11 ноябрь санаси ишланмайдиган байрам куни сифатида эътироф этилмаган. Шунингдек, байрам тадбирларини ўтказишни ташкил этиш ҳамда ходимларни рағбатлантириш чораларини кўриш механизмлари белгиланмаган.

Мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига 11 ноябрни ишланмайдиган байрам кунлари қаторига қўшишга қаратилган қўшимча киритилмоқда.

Фракция аъзолари йиғилишда ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ходимларнинг касбий, меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини таъминлаш тизимини янада кучайтиришга хизмат қилилишини эътиборга олиб, уни қўллаб-қувватлаган. Шу тарзда қонун билан, Меҳнат кодексининг 208-моддасига қўшимча киритилади. Ҳозирда бу моддада 9 та ишланмайдиган байрам кунлари санаб ўтилган ва қўшимча киритилган улар сони 100 тага етади. 

 Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 11 ноябр куни президент Шавкат Мирзиёев касаба уюшмалари ходимлари ва фаолларига табрик йўллаб, 11 ноябрни меҳнаткашлар байрами, умумхалқ байрами сифатида дам олиш куни деб эълон қилишни таклиф қилганди.