11 ойда 184 киши овқатдан заҳарланган ва 4 нафари ҳаётдан кўз юмган

Бу ҳақда Ургут туманида ўтказилган оммавий овқатдан заҳарланиш ва фавқулодда вазиятларда тиббий эпидемиологик тадбирларни ташкил этиш масалаларига бағишланган семинарда маълум қилинди.

Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғи Маҳзуна Насриддиновага кўра, вилоятда овқатдан заҳарланиш ҳолатлари бўйича эпидемиологик вазият йилдан-йилга оғирлашиб бормоқда. Жумладан, 2021 йилда вилоятда қайд этилган 15 та овқатдан заҳарланиш ҳолатида 145 киши, 2022 йилда 11 та заҳарланиш холатида 131 киши жабрланган бўлса, жорий йилнинг 11 ойи давомида 15 ҳолатда овқатдан заҳарланиш ҳолати қайд этилган бўлиб 184 киши  жабрланган ва 4 нафари вафот этган. 

Беморларнинг 135 нафаридан лаборатория таҳлили олинганда 309 та биоматериаллардан 53 тасида стафилакокк, 39 тасида протей микроблари, 3 тасидада ботулизм қўзғатувчилари, биттасида клепселла микроблари аниқланган.

Сўнгги уч йилда уй шароитида тайёрланган қўлбола консервалардан ҳамда умумий овқатланиш корхоналарида, тўйхоналарда тайёрланган таомлардан заҳарланиш ҳолатлари Самарқанд шаҳри, Қўшработ, Булунғур, Ургут, Пайариқ ва Паст Дарғом туманларида нисбатан кўп қайд этилган. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида Самарқанд шаҳрида бир ҳолатда 49 нафар, Каттақўрғон шаҳрида бир ҳолатда 5 нафар, Пайариқ туманида икки ҳолатда 6 нафар, Паст Дарғом туманида икки ҳолатда 10 нафар, Ургут туманида икки ҳолатда 68 нафар, Қўшработ туманида тўрт ҳолатда 32 нафар (шундан 4 нафари ўлган), Булунғур туманида бир ҳолатда 7 нафар, Иштихон туманида икки ҳолатда 7 нафар фуқаро жабрланган. 


Семинарда вилоят карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи ходимлари томонидан истеъмолга яроқсиз гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари вилоят ҳудудига олиб кирилишининг олди олингани ва санитария қоидаларини бузган шахсларга тегишли тартибда чора кўрилгани таъкидланди.

- Бозорларда жамоат тартибини сақлаш, тозаликни таъминлаш, санитария ва ветеринария коидаларига риоя этилишини назорат қилиш юзасидан олиб борилган тадбирлар натижасида ветеринария-санитария коидалари ва нормаларини бузган 154 нафар шахсга маъмурий баённома расмийлаштирилиб, жаримага тортилди, - дейди вилоят ички ишлар бошқармаси карантин гуруҳи командири Жахпар Ивоев. -  Шунингдек, вилоят ҳудудига олиб кирилаётган 8669 килограмм сифатсиз, истеъмолга яроқсиз гўшт ва гўшт маҳсулотлари, 252 литр сут ва сут маҳсулотлари, 618 дона тухум, 116 килограмм балиқ маҳсулотлари ҳужжатлаштирилиб олиниб, тегишли тартибда йўқ қилинган. 

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.