11 ойда экология соҳасида 5 мингга яқин ҳуқуқбузарлик аниқланди
Жорий йилнинг ўтган даврида Самарқанд вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ва туман, шаҳар инспекциялари томонидан 4900 дан ортиқ рейд тадбирлари ўтказилган. Аниқланган ҳолатлар юзасидан фуқароларга 1 миллиард 910,5 миллион сўм жарима қўлланилган.
Бу ҳақда Матбуот уйида вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан Самарқандда экология соҳасида амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланган матбуот анжуманида маълумот берилди.
- Ҳуқуқбузаликлрни тоифаларга бўладиган бўлсак, 3055 ҳолатда чиқиндиларни белгиланмаган жойга ташлаш, 1050 ҳолатда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, 130 ҳолатда сув объектлари билан боғлиқ, 226 ҳолатда ер ва ерости бойликлари, 317 ҳолатда ўсимлик дунёси, 83 ҳолатда ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар қайд этилди, - дейди бошқарма бошлиғи Д.Очилов. – Мутахассисларимиз томонидан жойларда экология ва табиатга зарар келтирмаслик бўйича доимий тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилишига қарамасдан, атроф-муҳитга зарар етказиш ҳолатлари кузатилмоқда. Ҳуқуқбузарлик содир этган фуқароларга тегишли тартибда жарималар белгиланган.
Қайд этилишича, 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йилнинг шу давригача вилоятимизда мораторий даврида жисмоний ва юридик шахслардан жами туман, шаҳар давлат марказлари орқали тушган 546 та мурожаатда 24,1 мингдан ортиқ давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесишга рухсат сўралган. Шундан 236 мурожаатдаги 13 мингдан ортиқ батамом қуриган, дастурга тушган ёки қурилиш ишларига халақит берганлиги туфайли кесилган. 290 мурожаатдаги 12 мингдан ортиқ дарахтлар сақлаб қолинган. Мингга яқин дарахт ва буталарни кўчириб ўтқазишга хулоса берилган.