14 ҳудудда “Yangi Nafas” оммавий югуриш мусобақалари ўтказилади
Шу йилнинг 12 март куни юртимизда соғлом турмуш тарзини янада кенг тарғиб этиш мақсадида мамлакатимизнинг 14 ҳудудида бир вақтда “Yangi Nafas” оммавий югуриш мусобақалари ташкил этилади.
Бешинчи бор ташкил этилаётган “Yangi Nafas” оммавий югуриш мусобақалари тўртта йўналишда ўтказилади. Яъни, 21 километр, 42 километр, 10 ва 3 километрли оммавий югуриш дастурлари, шунингдек, бир кун олдин 12 ёшгача бўлган болалар ўртасидаги кичик югуриш мусобақаларидан иборат бўлади.
Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган “Yangi Nafas” югуриш мусобақалари “Тошкент марафони” сифатида Халқаро енгил атлетика федерацияси тақвимидан жой олган бўлиб, унинг натижалари рейтинг кўрсаткичларида қайд этилади.
“Yangi Nafas” югуриш мусобақаларини юқори савияда ўтказиш юзасидан Ўзбекистон енгил атлетика федерациясида ишчи гуруҳ штаби иш бошлаган. Ҳозирда мусобақаларга тайёргарлик кўриш ишлари давом этмоқда.
Маълумот учун: мазкур югуриш марафони Самарқанддаги "Буюк Ипак йўли" халқаро туризм марказида «Бир ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда — бирга югурамиз!» шиори остида ташкил этилади.