16 ёшга тўлмаган боланинг исми қай тартибда ўзгартирилади?

- Фарзандим ҳали 16 ёшга тўлмаган, унинг исмини ўзгартирмоқчимиз. Бунинг тартиби қандай, - дея савол берди Самарқанд шаҳрида яшовчи Ш.Соатова.

Саволга Самарқанд шаҳар 2-сон ФХДЁ бўлими мудираси Шоҳида Нуруллаева қуйидагича жавоб берди:

- Ўн олти ёшга тўлмаган шахсларнинг туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувига ўзгартиришлар киритиш уларнинг ота-онасининг ёки қонуний вакилларининг аризасига кўра амалга оширилади.

Боланинг исмини алмаштириш учун унинг туғилганлиги қайд этилган ФХДЁ бўлимига ота-онаси шахсини тасдиқловчи ҳужжат, никоҳ гувоҳномаси ва туғилганлик ҳақидаги гувоҳноманинг асли билан мурожаат этиши керак. Ота-она белгиланган шаклдаги аризани тўлдиргач, 10 фоиз давлат божи, 15 фоиз герб йиғими ва 5 фоиз пуллик хизмат тўлови амалга оширади. Шундан сўнг, белгиланган муддат ичида боланинг ўзгартирилган исм билан расмийлаштирилган туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома берилади.

Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси ахборот хизмати.