"Коммунал хизматлар борасида аҳолида эътироз қолдирмасликка ҳаракат қиламиз"
Бугунги кунда Самарқанд вилоятида 2300 дан ортиқ кўп қаватли уй-жойлар бўлиб, уларда қарийб 84 мингга яқин хонадон жойлашган. Мазкур уй-жойларга 43 та бошқарув сервис компаниялари ва 16 та уй-жой мулкдорлари ширкати томонидан хизмат кўрсатиб келинмоқда. Жумладан, Самарқанд шаҳрида 20 та, Каттақўрғон шаҳрида 6 та, Пайариқ туманида 2 та, Иштихон, Булунғур, Жомбой каби бошқа туманларда 1 тадан бошқарув сервис компаниялари ташкил этилган.
Сўнгги йилларда коммунал хизматлар бозорига профессионал бошқарувчи ташкилотлар кириб келди. Аҳолининг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, улар томонидан кўрсатиладиган хизмат турлари ҳам кўпайди. Жумладан, бошқарув сервис компаниялари фаолиятига бўлган муносабат яхшиланиб бормоқда.
Кўп қаватли уй-жойларга сервис хизмати кўрсатишда бошқарув ташкилотларига давлат томонидан техника ва асбоб-ускуналар хариди учун имтиёзлар берилмоқда. Самарқанд шаҳридаги 58 та уй-жой мулкдорлари ширкатлари бошқарувида бўлган кўп квартирали уйлар “Биотeхсeрвиc” бошқарув сервис компаниясига ўтказилган эди. Ҳозирда ушбу ташкилот томонидан шаҳардаги 343 та кўп қаватли уйларга туну кун хизмат кўрсатиб келинмоқда.
Жорий йил бошқарув сервис компаниялари ҳисобидан жами 189 та кўп квартирали уй-жойларни мукаммал ва жорий таъмирлаш режалаштирилган. Шундан, 96 та уйнинг 119,6 минг квадрат метр том қисми, 156 та кириш йўлаги, 96 та электр щитлар, 111 та кодли қулфли ва темир эшиклар ўрнатиш, 24 та уйнинг ертўласидаги муҳандислик-коммуникациялари, 14 та уй ичидаги муҳандислик тармоқлари, 28 та уйнинг фасад қисмини таъмирлаш ишлари кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йилдаги “2021-2027 йилларда республикадаги кўп квартирали уйларнинг лифт ускуналарини таъмирлаш ва янгилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан шу пайтгача вилоятдаги 1991 йилга қурилган 17 та кўп квартирали уйнинг 42 та лифт ускуналари янгиланган бўлса, жорий йилнинг ўзида Самарқанд шаҳридаги 17 та уйнинг 42 та лифт ускуналарини алмаштириш режалаштирилган.
Олдимизда турган мақсад-вазифаларни тўла-тўкис бажариш учун эса уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимларидан фидокорлик талаб этилади. Вилоятдаги барча коммунал хизмат ходимларини касб байрами билан табриклайман!
Баҳодир НЕГМАТОВ,
Вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари.