20 нафар собиқ чемпионлар “Ўзбекистон спорт фахрийси” бўлди
Самарқанд шаҳрида жаҳон ва халқаро мусобақалар ғолиблари, Осиё чемпионлари бўлган бир гуруҳ самарқандлик спорт фахрийлари билан учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон спорт ташкилотлари фахрийлари кенгаши раиси маслаҳатчиси Игорь Барабан, вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Ботир Нуруллаев, сенатор Фармон Тошев, спорт фахрийси Ҳамроқул Рофиев ва бошқалар Самарқанд спорти тарихига тўхталиб, эришилган ютуқлар, бой берилган имкониятлар тафсилотлари ҳақида ўртоқлашди.
Тадбирда иштирок этган фахрийларнинг аксарияти жаҳон, Осиё ареналарида юртимиз байроғини баланд кўтариб, чемпион бўлган, шахсий рекорд ўрнатган.
- Ҳозир ёш спортчиларга бизнинг давримиздагидан кўра ўн карра кўпроқ шароит яратилганини кўриб кўзим қувнайди, - дейди югуриш бўйича жаҳон рекордини ўрнатган нурободлик фахрий спортчи Умрзоқ Ўринов. – Ёшим саксонда, лекин бугун ҳам югуриш, енгил атлетика ва бадантарбия машқларини бажариб келаман. Аксарият пайтларда қишлоқдошларим, набираларим билан Тим қишлоғимиздаги мўъжазгина майдонда шуғулланамиз.
Учрашувда 20 нафар спорт фахрийларига Ўзбекистон спорт ташкилотлари фахрийлари кенгаши томонидан “Ўзбекистон спорт фахрийси” кўкрак нишони ва гувоҳномаси топширилди, совғалар улашилди. Бир пиёла чой устида давом этган тадбирда, қизиқарли воқелар эсга олинди.
Ҳусан Элтоев.