20 нафар йўловчи бўлган “Исузу” автобуси ағдарилиб кетди

Бугун, 2 февраль куни соат тахминан 12:00 ларда Бекобод шаҳрида “Исузу” автобуси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди. Бу ҳақда ИИВ Ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишиича, шаҳарнинг Меъмор кўчасида жойлашган айланма ҳаракатланиш жойида содир бўлган автоҳалокатга автотранспорт воситасининг техник носозлиги, аниқроғи, автобус олд балонининг тормозланиб қолиши сабаб бўлган. Натижада “Бекобод шаҳар АТС” МЧЖга тегишли давлат рақами 10 349 RAA бўлган автобус ўнг томонга ёнбошлаб қолган.

Йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган пайтда автобус ичида 20 нафар йўловчи бўлган. Улардан 2 нафари тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун шаҳар шошилинч тез тиббий ёрдам марказига юборилган.

Автобус Бекобод шаҳар марказий бозоридан Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳридаги ГЭС томонга ҳаракатланишда бўлган.

Автобус ҳайдовчиси ҳаракатланиш вақтида ҳушёр ҳолатда бўлгани аниқланган.