20 ноябрь - “Бутунжаҳон бола куни”

Бола оиласидагина бахтли

1989 йил 20 ноябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция  қабул қилинган. Ушбу халқаро ҳужжат бутун дунёда болалар соғлом ва  хавфсиз улғайишларини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди. Мазкур ҳужжат қабул қилинган кун,  яъни 20 ноябрь “Бутунжаҳон бола куни” деб эълон қилинган. 

Ўзбекистон Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияга 1992 йил 9 декабрда аъзо бўлган. Ушбу халқаро ҳуқуқий хужжат мамлакатимизда 1994 йил 29 июлда кучга кирган. Болажон ўзбек халқи азал-азалдан болаларга ўзгача эътибор, миллий қадриятларимизга асосланган анъанавий тарбия бериш, болага энг азиз неъмат сифатида қараб келинган ва шу сабабли Конвенция ўзбек миллати томонидан илиқ қабул қилиб олинди.

Ўзбекистон БМТнинг мазкур Конвенцияси талабларига қатъий риоя этиб келмоқда. Истиқлол йилларида мамлакатимизда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва кафолатлашнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Энг муҳими, бу ҳуқуқий асосларнинг мазмун-моҳиятига бола ҳуқуқлари ҳимояси борасидаги миллий ва умуминсоний ғоялар тенг сингдирилди.

Юртимизда болаларни ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш, соғлиғини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг муҳим бўғинига айланди, бу борада болалар айнан тарбия топадиган, истиқомат қиладиган масканлар оила, мактаб, боғча, тарбия муассасалари эътибор кучайтирилди.

Кейинги йилларда мамлакатда ижтимоий етимликнинг олдини олиш, аҳоли ва ёшлар орасида соғлом оилавий қадриятларга  масъулият билан ёндашишни тарғиб қилиш, оилавий қадриятларга маънавий-ахлоқий муносабатни шакллантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. 

Ижтимоий етимликни янада камайтириш, ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш, уларнинг жадал ижтимоий мослашуви учун кенг имкониятлар яратиш, тарбия муассасаларининг иш фаолиятини яхшилаш, шунингдек, жисмонан соғлом ва маънавий етук авлодни тарбиялашда оиланинг ролини мустаҳкамлаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Оила институтини мустаҳкамлаш, миллий қадриятларимизга таянган ҳолда боланинг оилада тарбияланишни таъминлаш борасида оилавий болалар уйлари, патронат оилалар ташкил этилди.

SOS Ўзбекистон Болалар маҳаллалари  Уюшмасининг Самарқанд шаҳар филиалининг асосий мақсади ҳам ижтимоий етимликнинг олдини олишга қаратилган бўлиб, болани ўз оиласида ёки яқин қариндошлари билан яшашга, фаровонлигини таъминлаш, уларнинг манфаатлари, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва эҳтиёжлари учун шароит яратиш мақсадида ташкил этилган халқаро нодавлат-нотижорат хайрия ташкилоти ҳисобланади.

Ташкилотнинг асосий эътибори ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган вояга етмаган фарзандлари бўлган оилалар,  ота-она қарамоғисиз қолган болалар ва ёшларга, шунингдек, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оилаларга қаратилган. 

Ушбу фаолият таркибида “Ижтимоий етимликнинг олдини олиш хизмати”, “Ёшларга ҳамроҳлик қилиш хизмати”, “Болаларни муқобил парвариш қилиш хизмати”, “Болаларни қисқа муқобил парвариш йўналиши” ташкил этилган бўлиб, болалар ва оилаларга ота-она қарамоғисиз қолган болалар ва ёшлар учун оилавий муҳитни яратиш, ижтимоий етимлик хавфини камайтириш мақсадида оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оилаларни мустаҳкамлашга қаратилган ижтимоий изчил ва узлуксиз хизматлар давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигида кўрсатилиб келинмоқда.

Дилрабо Давронова,  SOS Ўзбекистон Болалар маҳаллалари  Уюшмасининг Самарқанд филиали директори.