2021 йил учун давлат бюджети тасдиқланди
Ўзбекистон Республикасининг “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунига кўра, биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга республика бюджетидан ажратилаётган маблағлардан фақат 2021 молия йилида фойдаланилади ва келгуси йилга ўтказилмайди.
2021 йил учун Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳажми 903,4 миллиард сўм миқдорида белгиланди.
Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг 2021 йил учун захира жамғармалари тегишли бюджетлар тасдиқланган умумий харажатларининг камида 1 фоизи миқдорида шакллантирилади.
Ўзбекистон Республикаси номидан ва кафолати остида жалб қилинган давлат қарзининг суммаси ялпи ички маҳсулотнинг йиллик прогноз кўрсаткичига нисбатан 60 фоиздан ошмаслиги керак.
2021 йил учун Ўзбекистон Республикаси номидан ва кафолати остида ички ва ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган соф ҳажми 5,5 миллиард АҚШ доллари, шундан Давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш учун – 2,2 миллиард АҚШ доллари (шу жумладан, давлат қимматли қоғозлари - 5 триллион сўм) сўм, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун – 3,3 миллиард АҚШ доллари миқдорида белгиланди.
2021 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси номидан ёки кафолати остида жалб қилинадиган кредитлар (қарзлар) ҳисобидан амалга ошириладиган, Давлат бюджетидан қайтариладиган ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларига йўналтириладиган маблағлар бўйича харажатлар Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети харажатларида акс этади.
2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети тақчиллигининг чекланган миқдори ялпи ички маҳсулотнинг 5,4 фоизи миқдорида белгиланди.