2021 йилда 853 та объект қурилиши учун 2 триллион 230 миллиард сўм маблағ ажратилади

Шу йил вилоятимизда 853 та объектда қурилиш, жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари ўтказилади. Бунинг учун жами 2 триллион 230 миллиард сўм маблағ режалаштирилган. Солиштириш учун 2020 йилда 155 та объект қурилиши учун 861,6 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Инвестиция дастури асосида 104 объектга 624,8 миллиард сўм, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурига асосан 112 объектга 228,4 миллиард сўм, Самарқанд шаҳрида туризмни яхшилаш учун 37 объектга 774,7 миллиард сўм маблағ йўналтирилади. Ҳудудлардаги 70 та ижтимоий соҳа муассасаларини таъмирлашга 210 миллиард сўм ва ички йўллар, ичимлик сувини яхшилаш учун 50 объектга 392,7 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Бу маълумотлар вилоят Матбуот уйида вилоят молия бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Юнус Бобоназаров иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида айтилди.

Жумладан, ижтимоий соҳа инфратузилмасини яхшилаш доирасида 443,3 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 95 та қишлоқ ва маҳаллада 47 та боғча, 104 та мактаб, 34 та тиббиёт муассасаси қурилади ва таъмирланади.

- Жорий йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида жами 32 та, шундан 28 та қишлоқ ва 4 та маҳалла ободонлаштирилади, - дейди Ю.Бобоназаров. – Бунинг учун 298,5 миллиард маблағ ажратилади. Шундан республика ва маҳаллий бюджетдан 114,2 миллиард сўмдан, тармоқ корхоналари ҳисобидан 12,6, аҳоли ва тадбиркорлардан 40,7, ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 4,7 миллиард сўм, кредитлар ҳисобидан 12,1 миллиард сўм маблағ йўналтириш режалаштирилган. Натижада123,4 минг аҳолига таълим ва тиббиёт хизматлари кўрсатиш яхшиланади. 78 та ижтимоий соҳа объектларини реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш учун 129,7 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Ўктам Худойбердиев.