2021 йилда ким, қанча солиқ тўлайди?
Пандемия шароитида коронавируснинг салбий таъсирини юмшатиш мақсадида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича Президентимизнинг фармонлари билан бир қатор солиқ имтиёзлари ва преференциялар белгиланди.
2020 йил 30 декабрдаги «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуни билан Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали унга мувофиқлаштирилди.
Унга кўра, эндиликда барча солиқ турлари бўйича солиқ ставкалари Солиқ кодекси билан белгиланади. Бунда, акциз солиғининг ставкалари, маҳсулот нархи динамикасидан ва уни реализация қилиш, шу жумладан импорт қилиш ҳажмидан келиб чиқиб, Президент қарорлари билан йил давомида қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва вилоятлар халқ депутатлари Кенгашларига туристик зоналарда жойлашган алоҳида санаторий-курорт объектлари эгаллаган ер участкаларига нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг камайтирилган ставкаларини белгилаш ёки солиқ тўлашдан озод қилиш ҳуқуқи берилди.
Барча солиқ турлари бўйича солиқни ҳисоблаб чиқариш
ва тўлашнинг амалдаги тартиби, шунингдек, солиқ ставкалари сақлаб қолинди.
Қўшилган қиймат солиғи тўловчи корхоналар доирасини кенгайтириш ҳамда ҚҚС занжири узилишининг олдини олиш мақсадида тушум ҳажмидан қатъий назар, алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пивони чакана сотиш бўйича турғун савдо шохобчалари, бозор ва савдо комплекслари ҚҚС тўловчи ҳисобланади. Товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмаси ойига 1 миллиард сўмдан ошмайдиган солиқ тўловчилар учун бир чорак солиқ даври этиб белгиланди.
Акциз солиғи ставкалари бўйича асосий ўзгариш бу - ишлаб чиқарувчилар томонидан туристик йўналишларда ташкил этилган дегустация ҳудудларида (жойларида) реализация қилинадиган табиий вино (шиша идишдагилардан ташқари) маҳсулотлари акциз солиғининг солиқ солиш объектидан чиқариб ташланди.
Президентимизнинг 2020 йил 3 апрелдаги фармони билан солиқ тўловчи жорий чоракда кутилаётган фойда суммасидан бўнак тўловлари тўғрисида солиқ органларига маълумотнома тақдим этиш ҳуқуқи берилган эди. Эндиликда ушбу меъёр Солиқ кодексига ҳам киритилди.
Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қатъий белгиланган миқдорлардаги солиқни тўловчилар солиқ ставкалари кодексда белгиланди. Бунда, 2020 йилда амалда бўлган солиқ ставкалари сақлаб қолинди. 2020 йил "Давлат бюджети тўғрисида"ги қонунда назарда тутилган, ушбу солиқ ставкалари қўлланилиши билан боғлиқ алоҳида нормалар кодексга ўтказилди.
Якка тартибдаги тадбиркор билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслардан олинадиган солиқ тўлов манбаида солиқ агенти – ЯТТ томонидан солиқ тўловчига даромад тўланганда ҳисоблаб чиқарилиши ва ушлаб қолиниши белгиланди.
Бекмирза Аҳмедов,
Меҳриддин Самандаров,
Самарқанд шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходимлари.